Давлат хизматларини кўрсатишда муаммолар бор: Адлия вазири ахборот беради

110

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Ҳаракат дастурига мувофиқ, қуйи палата мажлисларида ҳукумат аъзолари ва давлат органлари раҳбарларининг ўз фаолиятига доир масалалар, қонунлар ва давлат дастурлари ижросини таъминлаш борасидаги ишлари юзасидан ахборотлари эшитиб келинмоқда.

Қуйи палатанинг бугунги мажлисида адлия вазири А.Тошқуловнинг “Аҳолига давлат хизматларини кўрсатиш соҳасида қўшимча қулайликлар яратиш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида”ги ахборотини эшитиш ҳақидаги масала кўриб чиқилди.

Қайд этилганидек, мамлакатимизда давлат хизматларини кўрсатиш тизимини такомиллаштириш, аҳолининг масофадан туриб электрон давлат хизматларидан мустақил фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Депутат Наврўз Юсупов айтиб ўтганидек, мазкур саъй-ҳаракатлар натижасида бугун давлат хизматлари марказлари томонидан кўрсатиладиган хизматлар сони 467 тага етди. Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали кўрсатилаётган хизматлар сони эса 771 тани ташкил этмоқда.

Аммо соҳада амалга оширилаётган чора-тадбирларга қарамай, олис ва чекка ҳудудларда яшовчи фуқароларимизга давлат хизматлари кўрсатишда айрим муаммолар кузатилмоқда. Рақамлаштириш ва ахборотлаштириш тизимларидан етарли даражада фойдаланилмаётган ҳолатлар мавжуд. Ёхуд маҳалладан туриб, давлат хизматларини олишда марказ филиаллари етарлича ташкил этилмагани, малакали мутахассислар етишмаслиги каби камчиликлар мавжуд.

Шундан келиб чиқиб, мазкур масала юзасидан адлия вазирининг ахборотини эшитиш ҳақида тегишли қарор қабул қилинди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА