Ўзбекистонда мева ва сабзавотлар сифати бўйича илк ўқув лаборатория очилди
Ўзбекистонда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт дастури (UNDP) кўмагида “Мева ва сабзавотлар сифати стандартлари бўйича ўқув лабораторияси” ташкил этилди. Ушбу лаборатория Ўзбекистон стандартлар институти қошида фаолият бошлади.
Лойиҳа UNDPнинг “Марказий Осиёда савдони ривожлантиришга кўмаклашиш” ташаббуси доирасида амалга оширилди. Маблағлар грант ҳисобидан ажратилган бўлиб, мақсад мамлакат қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг халқаро бозорларга чиқиш салоҳиятини ошириш, уларни халқаро стандартларга мувофиқ баҳолаш ва сертификатлаштириш имкониятларини кенгайтиришдан иборат.

Янги ўқув лабораторияси замонавий техник ускуналар билан жиҳозланган бўлиб, унда мева ва сабзавотларнинг сифат кўрсаткичларини баҳолаш, синов ва текширув усулларини ўргатиш бўйича мутахассислар тайёрланади. Шунингдек, БМТ Тараққиёт дастури, Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ва ҳамкор ташкилотлар иштирокида тренинглар, амалий семинарлар ҳамда тажриба алмашув тадбирлари мунтазам ташкил этилади.

Жорий йилнинг 28 октябрь куни бўлиб ўтган очилиш маросимида БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Акико Фужии хоним иштирок этди. У яратилган лаборатория имкониятлари билан танишиб, унинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг халқаро савдога чиқишида муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Лаборатория мева ва сабзавотларнинг сифат ва хавфсизлик стандартларини баҳолаш, текшириш ва мувофиқликни аниқлаш бўйича халқаро методикаларни ўқитиш учун мўлжалланган. Бу орқали маҳаллий мутахассислар хорижий бозор талабларига мос маҳсулотлар етиштириш ва экспортга тайёрлаш кўникмасини эгаллайди.

Мазкур ташаббус Ўзбекистоннинг сифат инфратузилмасини мустаҳкамлаш, маҳсулотларни халқаро талабларга мувофиқ баҳолаш тизимини шакллантириш ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳасидаги экспорт рақобатбардошлигини ошириш йўлидаги муҳим қадам ҳисобланади.
БМТ Тараққиёт дастури билан ҳамкорликда амалга оширилаётган бу лойиҳа мамлакатнинг глобал савдо тизимига интеграцияси ва “Made in Uzbekistan” тамғасининг халқаро бозордаги нуфузини оширишга хизмат қилади.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА