Кексаларга ички саёҳатлар учун махсус чегирмалар жорий этилади

68

Кексаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, дам олиш вақтларини мароқли ва мазмунли ташкил этиш ҳамда аҳолининг ички туризм йўналишларида фаол иштирокини рағбатлантириш мақсадида жорий йилнинг 1–30 ноябрь кунлари мамлакатимизда “Кексалар учун туризм ойлиги” ўтказилмоқда. Бу ҳақда Экология вазирлиги ҳузуридаги Туризм қўмитаси маълум қилди.

Ушбу ташаббус доирасида жойлаштириш воситалари, транспорт хизматлари, маданий мерос объектлари ҳамда музейларда бир қатор чегирмалар жорий этилади. Хусусан, республика бўйлаб фаолият юритаётган меҳмонхона ва дам олиш масканлари хизматларига 20 фоизгача ихтиёрий чегирмалар амал қилади.

“Uzbekistan Airways” авиакомпанияси 60 ёшдан ошган эркаклар ва 55 ёшдан ошган аёллар учун барча иқтисодий классдаги ички рейс чипталарига 15 фоизгача чегирма тақдим этади. Таклиф 2025 йил 1–30 ноябрь кунлари давомида амал қилади.

Шунингдек, “Ўзбекистон темир йўллари” компанияси ушбу тоифадаги фуқаролар учун барча ички йўналишлардаги поезд чипталарининг тариф қисмига 20 фоиз чегирма эълон қилган (“Афросиёб” тезюрар поездларидан ташқари).

Маданий мерос агентлиги тасарруфидаги давлат музейлари ва маданий мерос объектларига кириш чипталари учун 10 фоизгача, “Вақф” хайрия жамоат фонди тасарруфидаги зиёратгоҳларга эса 20 фоизгача чегирмалар жорий қилинган.

Саёҳат давомида хавфсизлик ҳамда санитария-гигиена қоидаларига қатъий риоя этиш тавсия этилади.

М.ҲОЖИАКБАРОВА, ЎзА