Сув хўжалигини рақамлаштиришда янги босқич (+видео)

Ўзбекистонда сув ресурсларини бошқариш тизимини замонавий рақамли технологиялар асосида такомиллаштириш бўйича янги босқич бошланди.
Жорий йил 13 октябрда қабул қилинган “Сув соҳасини рақамлаштириш жараёнини янада жадаллаштириш ва барқарор ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармони соҳада ислоҳотларнинг янги босқичини бошлаб берди.
Фармоннинг асосий мақсадларидан бири мамлакатда сув ресурслари ҳисоби ва бошқарувини тўлиқ рақамлаштиришдан иборат. Бу орқали сувдан фойдаланиш ҳисоб-китобларида шаффофликни таъминлаш ҳамда маълумотларни аниқ таҳлил қилиш имконияти яратилади.
Ҳужжатга кўра, республикада фойдаланилаётган сув ресурслари ҳисобининг тўлиқ юритилишини йўлга қўйиш, 400 дан ортиқ маълумот турини рақамлаштириш, 600 мингдан зиёд сув истеъмолчилари ва 4,3 миллион гектар суғориладиган ер майдонлари тўғрисидаги маълумотларни электрон шаклда шакллантириш режалаштирилган. Бу жараён нафақат сув тақсимотини аниқлаш, балки сув тежамкор технологияларни самарали жорий этишга ҳам хизмат қилади.
–Сўнгги йилларда иқлим ўзгариши, қурғоқчилик ва сув танқислиги билан боғлиқ муаммолар тобора кучайиб бормоқда, – дейди Сув хўжалиги вазирлиги Рақамлаштириш маркази директори Шуҳрат Ҳайдаров. – Бу шароитда рақамли технологияларни жорий этиш — сув ресурсларини бошқаришда самарадорликни оширишнинг ягона йўли ҳисобланади. Рақамлаштириш орқали сув тежамкор усуллардан фойдаланиш, сув исрофини камайтириш, ирригация тизимларидаги йўқотишларни аниқлаш ҳамда сув тақсимотида шаффофликни таъминлаш мумкин бўлади.
Фармонга мувофиқ, Сув хўжалиги вазирлиги тизимида Сув хўжалигини рақамлаштириш ва мониторинг маркази ташкил этилади. Ушбу марказ Марказий диспетчерлик ва сув баланси хизмати негизида фаолият юритади. Янги тузилма сув ресурслариданфойдаланиш бўйича ягона маълумотлар базасини шакллантиради, сув оқимлари, ирригация тизимлари ва сув тақсимоти ҳақидаги маълумотларни реал вақт режимидамониторинг қилади. Бу эса сув хўжалиги соҳасидаги бошқарув қарорларини тезкор ва илмий асосда қабул қилиш имконини яратади.
– Ўзбекистонда бир йилда ўртача 51–53 миллиард метр куб сувдан фойдаланилади. Шунинг 90 фоизи қишлоқ хўжалигида асосан суғориш ишлари, яъни пахта, ғалла, сабзавот ва боғдорчилик маҳсулотларини етиштириш учун сарфланади, – дейди Сув хўжалиги вазирлиги бошқарма бошлиғи Абдурашид Қулматов. – Рақамлаштириш орқали сув тежамкор усуллардан фойдаланиш, сув исрофини камайтириш, ирригация тизимларидаги йўқотишларни аниқлаш ҳамда сув тақсимотида адолат ва аниқликни таъминлаш имкони яратилади. Шу билан бирга, сув хўжалигидаги рақамли маълумотлар базаси қишлоқ хўжалиги, энергетика ва экология соҳалари билан интеграциялаштирилиши режалаштирилган. Бу эса давлат органлари ва тадбиркорлар учун қарор қабул қилиш жараёнини енгиллаштиради.
Фармонга мувофиқ, сув ҳисобини юритиш тизими йўлга қўйилди. Янги ёндашув асосида сув ҳисобини юритиш тўлиқ электрон шаклга ўтказилади. “Suv hisobi” ахборот платформаси орқали фойдаланилган сув миқдори аниқ ҳисобланиб, истеъмолчиларга электрон равишда маълум қилинади. Мамлакатимизда 50 минг километрлик суғориш тармоқлари, 1,6 минг насос станцияси ва 10 мингдан зиёд сув объектлари фаолият юритмоқда.
Янги ёндашув асосида сув ҳисобини юритиш тўлиқ электрон шаклга ўтказилади. “Suv hisobi” ахборот платформаси орқали фойдаланилган сув миқдори аниқ ҳисобланиб, истеъмолчиларга электрон равишда маълум қилинади. Бу ҳисоб-китобларда инсон омилини камайтиради, қоғозбозликни бартараф этади ва ресурслардан фойдаланиш самарадорлигини оширади. Маълумотларнинг аниқлигини таъминлаш учун тизим “Рақамли қишлоқ хўжалиги” платформаси билан интеграция қилинади. Шу орқали суғориладиган ерлар, экин турлари ва сув лимитлари ҳақидаги маълумотлар автоматик янгиланиб борилади. Сув хўжалиги вазирлиги қошида “Сув хўжалигини рақамлаштириш ва мониторинг маркази” ҳамда “Давлат сув кадастри” ахборот тизими яратилади. Улар сув ресурсларига оид маълумотларни ягона базада жамлайди.
Шунингдек, сув солиғидан тушган маблағларнинг 40 фоизи муассасаларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга йўналтириш имкони берилади. 2026 йилда Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Самарқанд ва Сирдарё вилоятларидаги насос станцияларнинг ярми, 2027 йилда эса Намангандаги барчаси хусусий шерикликка ўтказилади. Бу йўналишда “Бир насос – бир тизим” тамойили асосида “Чортоқ тажрибаси” амалга оширилади. Ҳусусий шерик сув лимити доирасида сув етказади, сув солиғининг 40 фоизи унга тўлаб берилади. Бу маблағлар эса насос станцияларини модернизация қилишга йўналтирилади.
Янги марказ сув ресурсларидан фойдаланиш бўйича ягона маълумотлар базасини яратади, сув оқимлари, ирригация тизимлари ва сув тақсимоти ҳақидаги маълумотларни реал вақт режимида мониторинг қилади. Бу эса сув хўжалиги соҳасидаги қарорларни тезкор ва илмий асосда қабул қилиш имконини яратади. Шу билан бирга, сув хўжалигидаги рақамли маълумотлар базаси қишлоқ хўжалиги, энергетика ва экология соҳалари билан интеграциялаштирилади. Бу эса давлат органлари ва тадбиркорлар учун қарор қабул қилиш жараёнини енгиллаштиради.
Бир сўз билан айтганда, Президентимизнинг мазкур фармони сув хўжалигини рақамлаштиришда янги босқични бошлаб берди. Бу нафақат техник ёки ташкилий ислоҳот, балки мамлакатнинг сув ресурсларини барқарор бошқаришга қаратилган узоқ муддатли стратегиясининг муҳим қисми ҳисобланади. Янги тизим ишга тушгач, Ўзбекистонда сув ҳисобининг аниқлиги ошади, маълумотлар базаси автоматлаштирилади ва соҳадаги самарадорлик кескин ортади.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА