Суғурта тизимидаги муҳим ўзгаришлар: Аҳолининг ҳуқуқларини янада мустаҳкамлаш сари
Суғурта миқдори ва мукофоти 2 баробарга оширилди – ҳимоя доираси кенгайди.
2026 йил 1 январдан бошлаб транспорт воситалари эгаларига нисбатан фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича тўланадиган суғурта суммаси 40 миллион сўмдан 80 миллион сўмга белгилаб қўйилди.
Амалда енгил автотранспорт воситалари эгалари учун фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш полиси 2019 йилдан буён йиллик тўланадиган суғурта мукофоти ҳудуд ва ҳайдовчилар сонига қараб 40 минг сўмдан 168 минг сўмгача бўлиб, 40 миллион сўмгача суғурта суммаси тўлаб берилган эди. 40 миллион сўмлик суғурта суммасининг 35 фоизи мол-мулкка етказилган зарар учун, 65 фоизи эса фуқаронинг ҳаёти ва соғлиғига етказилган зарар учун тўлаб берилган.
Эндиликда Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 23 июлдаги 458-сон қарорига мувофиқ, суғурта суммаси 80 миллион сўмгача оширилди ва ушбу суғурта суммасининг 35 фоизи мол-мулк учун, 65 фоизи эса фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига етказилган зарар учун тўланади. Шу билан бирга, суғурта мукофоти ҳам ҳудудларга ва ҳайдовчилар сонига қараб 160 минг сўмдан 192 минг сўмгача белгилаб қўйилди.

Аҳоли орасида “Нега суғурта тўловлари оширилди?” деган саволлар пайдо бўлиши табиий. Бунга сабаб, мамлакатимизда транспорт воситалари сони ортиб бориши, йўлларда замонавий ва қиммат автомобиллар кўпайиши ҳамда аҳоли сонининг ошиб бориши ҳисобланади. Шунингдек, эҳтиёт қисмлар ва тиббий хизматлар нархи ҳам эътиборга олинди.
Бу ўзгариш йўл-транспорт ҳодисалари натижасида зарар кўрган фуқароларнинг соғлиғи ёки мол-мулки учун тўланадиган тўловлар миқдорини аввалгига нисбатан анча оширишни таъминлайди.
Эндиликда суғурта суммалари, тарифлари ва мукофотлари бозор талабларига мувофиқ белгиланди. Бу дегани, мукофот ва тўловлар шунчаки тахминан эмас, балки иқтисодий асосланган ҳисоб-китобларга таянган ҳолда белгиланади. Яъни, реал зарар ҳажми ва эҳтимоли ҳисобга олинади.
Янада оддийроқ тушунтирганда, мижозлар учраши мумкин бўлган эҳтимолий зарарларни ҳам қоплаб бериш учун компания олдиндан ҳисоб-китоб қилиши лозим:
— Мижозлар орасида қандай хавф мавжуд?
— Зарар эҳтимоли қандай?
— Бу зарарнинг миқдори қанча бўлиши мумкин?
Ушбу ҳисоб-китобларни шу соҳада ихтисослашган мутахассислар бажаради. Агар компания нотўғри ҳисоблаб, жуда паст суғурта мукофоти белгиласа, кейинчалик кўп зарар тўлашга мажбур бўлиши мумкин. Аксинча, жуда юқори мукофот белгиланса, мижозлар учун моддий жиҳатдан ноқулайлик юзага келади ва улар суғуртани қиммат деб ҳисоблаб, ундан воз кечиши мумкин.
Жамғарма нафақат молиявий тўловларни, балки йўл-транспорт ҳодисалари бўйича ҳуқуқий маслаҳат ҳамда техник хизмат кўрсатиш, профессионал аджастер (зарарни баҳолайдиган мутахассис) хизматларини ҳам ўз зиммасига олади. Бу жабрланган фуқароларга тезкор ёрдам кўрсатиш ва суғурта тўловларини адолатли амалга ошириш имконини беради.
Давлат органлари, суғурта компаниялари ва бошқа масъул ташкилотлар ўртасида мажбурий суғурта бўйича ягона электрон маълумот алмашинуви тизими яратилади. Бу тизим суғурта жараёнларини соддалаштириб, очиқликни, тезкорликни ва шаффофликни таъминлайди.
2026 йил 1 апрелдан бошлаб суғурта шартномаларини расмийлаштириш ва мукофотларни ҳисоблаш жараёни марказлаштирилган тартибда юритилади.
Аҳолига тўлаб бериладиган суғурта суммаси иқтисодий ўсиш ва зарар миқдорига мувофиқ келмай қолган эди. Эндиликда фуқароларнинг ҳуқуқлари кучлироқ ҳимояланади – зарар кўрилганда тўлов суммаси юқори бўлади.
Ягона тизимлар орқали суғурта шартномасини расмийлаштириш осонлашади, ортиқча қоғозбозлик камаяди.
Суғурта компаниялари аҳолига нисбатан янада масъулиятли бўлади, чунки барча тўловлар марказлаштирилган тартибда назорат қилинади.
Қабул қилинган қарорлар аҳолининг молиявий хавфсизлигини мустаҳкамлаш, суғурта бозорини янада ишончли ва шаффоф қилиш йўлидаги катта қадам. Эндиликда фуқаролар суғурта хизматларидан фойдаланганда, уларга нисбатан тўловлар ҳажми, ҳимоя даражаси ва жавобгарликнинг адолатли тақсимоти тўлиқ кафолатланади.
Ҳар бир ҳайдовчи ва транспорт воситалари эгалари ўзининг суғурта полиси орқали янада кучли молиявий ҳимояга эга бўлади.
Севара Мусаева,
“Халқ суғурта” АЖ матбуот котиби
ЎзА