Ижодкор ўз қишлоғида кутубхона қурди

116

Самарқанд вилояти Ургут туманининг Деҳқонобод маҳалласида Олий Мажлис Сенати аъзоси, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, таниқли адиб ва шоир, публицист Абдусаид Кўчимов кутубхонаси очилди.

Юртимизда сўнгги йилларда халқимизнинг китобхонлик маданиятини ошириш, китоб мутолаасига қизиқишини кучайтириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Президентимиз аҳолининг, айниқса, ёшларнинг китобга меҳрини оширишга алоҳида эътибор қаратиб, “керак бўлса, машина бериб, халқимизни китоб ўқишга ўргатамиз”, деган фикрлари бугун ўз самарасини бермоқда. Республикамизда “Ёш китобхон”, “Китобхон оила”, “Китобхон маҳалла” сингари танловларни ўтказиш анъанавий тус олди ва ғолиблар Президент совғаси сифатида автомашина билан тақдирланмоқда. Абдусаид Кўчимов ташаббуси ва Ургут тумани ҳокимлиги кўмагида ташкил этилган мазкур кутубхона ҳам ана шу эзгу ишларнинг яна бир ёрқин ифодаси бўлди.

– Бу кутубхонанинг яратилиш тарихи қизиқ бўлган, – дейди Абдусаид Кўчимовнинг синфдош дўсти, кўп йиллар таълим тизимида фаолият кўрсатган меҳнат фахрийси Қуддус Асқаров. – Бир куни китоб ва китобхонлик маданияти ҳақида суҳбатлашиб ўтирганимизда “Эътибор беряпсизми, жўра, Президентимиз истаганларидек, ёшларимизнинг китобга муносабати анча ўзгарди, китоб ўқийдиганлар кўпайди, кутубхоналар гавжум бўлиб қолди, – деди у. – Яхши биласиз, менинг шахсий кутубхонамда ҳам 10 мингдан ортиқ китоб бор. Уларни ўзим тўплаганман, фарзандларим олиб келган, совға қилишган. Қани энди, бу хазинадан бошқалар ҳам баҳраманд бўлса. Ҳар гал қишлоққа борганимда мактабга, қариндош-уруғларимга совға сифатида олиб бораман, қўни-қўшниларга китобларни олиб бориб ўқинглар, дейман. Келгани келиб олади, лекин уйга китоб сўраб келишга ийманадиганлар ҳам бор-да” деб қолди. Шу суҳбат чоғида китобларни мактабга, бирорта кутубхонага топшириш ёки одамларга бўлиб беришни ҳам гаплашдик, лекин бир қарорга келолмадик. Бир неча кундан кейин ярим кечаси Абдусаид телефон қилиб қолди ва “китобларни нима қилишни йўлини топгандайман” деди. Хўш, айтинг-чи, қандай йўл экан, деб сўрадим. “Яхши биласиз, қишлоқдаги ота-онамдан қолган уйдан ҳеч ким фойдаланмайди. Мен ва болаларим ҳам пойтахтда яшаяпмиз, ҳар замон бир қишлоққа борганимизда ҳам қариндош-уруғ, дўст-ёрнинг меҳмондорчилигидан ортмаймиз.

Шу уйнинг ўрнида битта кутубхона ташкил қилсак-чи. Китобларни жойлаймиз, ҳам маҳалламиз, Ургут учун яна битта кутубхона пайдо бўлади”, деди. Тўғриси, бу фикр менинг ҳам хаёлимдан ўтганди, аммо жўрамга уйингни кутубхона қил, деб айтишга ийманиб тургандим. Унинг гапини эшитиб, кўзимдан ёш чиқиб кетди ва “агар сиз шундай эзгу ният қилган бўлсангиз, бу ишнинг бошида ўзим турганим бўлсин, дедим. Шу билан кутубхона ташкил этиш ҳаракатини бошладик. Ниятимиздан Ургут тумани ҳокимлиги раҳбарияти хабардор бўлгач, улар бу ташаббусни қўллаб-қувватлади. Тадбиркор ва китобсеварлар ёнимизга қўшилди, маҳалла ёрдам берди. Шу тарзда икки йил ичида эски ҳовли ўрнида мана шу кўркам кутубхона қад ростлади.

Ижодкор ўз шахсий кутубхонасидаги китоблардан ва ўзининг йигирмадан ортиқ асарларидан бошқалар ҳам баҳраманд бўлишини истаб, бу эзгу ишни бошлаган эди. Хайрли ниятни қўллаб-қувватловчилар ва ушбу мақсадга ҳисса қўшишни истовчилар кўпайди ва ўн мингга яқин китоб тўпланди.

Энг муҳими, Ўзбекистон Миллий кутубхонаси мазкур зиё масканини ҳам ўз тармоғига қўшиб, ургутлик китобхонларнинг мамлакатимиз бош кутубхонаси фондидаги асарлардан онлайн фойдаланишларига имконият яратди.

Навоий кон-металлургия комбинати эса кутубхонани замонавий компьютерлар билан таъминлаб, интернет орқали Навоий давлат кончилик ва технология университети кутубхонаси билан боғлади.

Маҳаллада кутубхона ташкил этилишидан хурсанд бўлган ва бу ташаббус оммалаштирилишини истаган Ўзбекистон Маҳаллалари уюшмаси ҳам кутубхона учун ўнга яқин компьютер жамланмаси туҳфа қилди.

Янги кутубхонанинг очилиш маросимида мамлакатимизнинг таниқли олим ва зиёлилари, ижодкорлар, депутат ва сенаторлар, китобсеварлар иштирок этди.

Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Ҳусан Тўхтаев, Самарқанд давлат университети ректори, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов, “Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталари бош муҳаррири Ўткир Раҳмат, “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси раҳбари Исфандиёр Латипов ва бошқалар халқимиз китобхонлик маданиятини ошириш борасидаги ишларни эътироф этиб, устоз ижодкор Абдусаид Кўчимовнинг мазкур ташаббуси ҳам аҳоли ўртасида китоб тарғиботини оммалаштиришга хизмат қилишини таъкидладилар.

– Абдусаид Кўчимов нафақат қалами ўткир журналист ва адиб, балки қалбида юрти, халқи, айниқса, ёшлар тақдири учун қайғурадиган чин маънавият фидойиси, – дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Минҳожиддин Мирзо. – Ижодкорнинг ўзи туғилиб ўсган қишлоғида ташкил этган кутубхонаси ҳам бу фикримизни тасдиқлайди. Бу масканда  маърифатнинг руҳи, устоз сўзининг нафаси ва ибрати бор. Ёшлар бу ерга фақат китоб ўқиш учун эмас, балки ўз устида ишлаш, ҳаётда тўғри йўл топиш учун ҳам келади. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси мазкур кутубхонани уюшма томонидан нашр этилган китоблар билан таъминлаб боришни ўз зиммамизга оламиз.

Кутубхона очилишида қатнашган меҳмонларнинг барчаси мазкур тадбир  ўзига хос ибрат сабоғи бўлганлигини таъкидлашди ва ижодкорларнинг аксарияти шу каби кутубхона ташкил этишга аҳд қилишди.

– Устозимиз Абдусаид Кўчимов юксак иқтидор, бой билим ва тажрибага эга бўлсалар ҳам жуда камтар, самимий, халқпарвар инсон, – дейди “Ишонч” ва “Ишонч-доверие” газеталари бош муҳаррири, Олий Мажлис Сенати аъзоси Ҳусан Эрматов. – Мен у киши билан бирга ишлаш жараёнида, айни пайтда ҳам шу каби инсоний фазилатларига кўп гувоҳ бўлганман, ўзим учун хулосалар чиқарганман. Ўзи туғилиб ўсган қишлоқда шундай кўркам маърифат масканини ташкил этгани ҳам Абдусаид аканинг кимлиги, қандай мақсад-ўйлари борлигини кўрсатиб турибди. Бу жойда каттагина, ҳашаматли уй-жой ҳам қуриш мумкин эди, шундай йўл тутганда ҳам устозга ҳеч ким эътироз билдирмасди. Аммо бу киши маҳалла ёшлари, ургутликлар кўпроқ китоб ўқисин, маърифатли бўлсин, деб шу эзгу ишга қўл урган экан, бундан фақат хурсанд бўлиш, ўрганиш, ибрат олиш керак, деб ўйлайман. Шахсан менда ҳам бугун ана шундай кутубхона ташкил этиш истаги туғилди.

Ургут тумани ҳокими Дилмурод Саидқулов тумандан кўплаб ижодкорлар, шоир ва ёзувчилар етишиб чиққанини қайд этиб, туман ҳокимлиги уларнинг ҳам халқимиз маънавиятини юксалтиришга хизмат қиладиган бу каби ташаббусларини қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди.

Ғолиб ҲАСАНОВ,

Алишер ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА