Ўзбекистон – БМТ: ҳамкорлик истиқболлари масалалари муҳокама қилинди
Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, мамлакатимизда кечаётган шиддатли ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини ёшларга етказишга оид кўплаб лойиҳаларни муваффақиятли амалга ошириб келмоқда.
“Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуасининг анжуманлар залида “Ўзбекистон – БМТ: ҳамкорлик истиқболлари” мавзусида республика илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳамда Сарбон университети ҳамкорлигида ташкил этилди.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 80-юбилей сессиясида қатор муҳим ташаббусларни илгари сурди. Давлатимиз раҳбарининг мазкур нутқи ва ташаббуслари халқаро ҳамжамият томонидан юксак эътироф этилди. Бугунги дунёдаги глобал мураккаб вазиятда БМТнинг 80 йиллиги ва унинг жаҳон тинчлиги ҳамда хавфсизлигини таъминлашдаги ўрни янада долзарб аҳамият касб этмоқда.
Анжуман аввалида иштирокчилар “Миллат фидойилари” ёдгорлик мажмуасига ташриф буюриб, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида қаҳрамонларча ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар хотирасига ҳурмат бажо келтиради ва ёдгорлик пойига гулчамбар қўйди.
Конференцияда Мудофаа вазирининг ватанпарварлик тарғиботи, маънавий-маърифий ишлар ҳамда ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Олимжон Ўсаров модераторлик қилди.
Конференцияда халқаро ҳуқуқ, сиёсат соҳасида катта билим ва тажрибага эга мутахассислар иштирок этиб, маъруза қилди.
Жумладан, Ўзбекистон Судьялари ассоциацияси раиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист Убайдулла Мингбоев, Сарбон университети ректори, техника фанлари доктори Одилбек Асқаралиев, “Замонавий медиа таълим” НТМ директори, филология фанлари доктори, доцент Беруний Алимов ва бошқалар Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан янги Ўзбекистонни барпо этиш борасидаги эзгу интилишлар халқаро ҳамжамият томонидан юксак эътироф этилаётганини таъкидлади.
Тадбир доирасида БМТ билан ҳамкорликнинг ҳуқуқий асослари, Ўзбекистон томонидан илгари сурилган халқаро ташаббусларнинг амалий аҳамияти ҳамда глобал ва минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлашдаги ролини муҳокама қилишга эътибор қаратилди.
Анжуманда, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги тизимидаги қатор илмий ва маданий муассасалар – Ўзбекистон Ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа университети, Мудофаа вазирлиги Маънавият ва маданият департаменти, “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси тадқиқотчилари ҳам иштирок этди.
Хулоса қилиб айтганда, “Ўзбекистон – БМТ: ҳамкорлик истиқболлари” мавзусидаги мазкур илмий-амалий конференция нафақат миллий ва халқаро даражадаги долзарб масалаларни муҳокама қилиш, балки тинчлик, хавфсизлик ва барқарор тараққиётни таъминлаш йўлида Ўзбекистоннинг конструктив ташаббусларини яна бир бор намоён этиш учун муҳим минбар бўлди.
Тадбир доирасида илгари сурилган фикр ва таклифлар БМТ билан ҳамкорликни янада чуқурлаштириш, жаҳон ва минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш ҳамда давлатлар ўртасида ўзаро ишонч ва ҳамжиҳатлик муҳитини кенгайтиришга хизмат қилиши шубҳасиз.
Н.Усмонова, ЎзА мухбири