Ўзбекистон ва Eвропа иттифоқи муносабатларида янги давр

98

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Европа кенгаши Президенти Антониу Кошта ва Европа комиссияси Президенти Урсула фон дер Ляйеннинг таклифига биноан 23-24 октябрь кунлари расмий ташриф билан Брюссель шаҳрида бўлди.

Президент Шавкат Мирзиёев Бельгияга расмий ташрифи доирасида 24 октябрь куни Европанинг етакчи компания ва банклари раҳбарлари билан давра суҳбати ўтказди.

Учрашувда Европа Иттифоқининг кенгайиш бўйича комиссари Марта Кос, “Vandewiele”, “Linde”, “Rhenus Logistics”, “Ahlers Logistics”, “Lasselsberger Group”, “Pietro Fiorentini”, “NextChem”, “Meridiam”, “SUEZ”, “FMO”, “European Investment Bank”, “Commerzbank”, “KfW”, “Textima”, “Chimcomplex”, “Metso” ҳамда бошқа компания ва корпорацияларнинг раҳбарияти иштирок этди.

Давлатимиз раҳбари тадбирда Европанинг етакчи компаниялари иштирок этаётгани ўзаро юксак ишонч ва узоқ муддатли шерикликка интилишнинг ифодаси эканини алоҳида таъкидлади.

Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимнинг имзоланиши Ўзбекистон ва ЕИ ўртасидаги муносабатларда янги даврни бошлаб бериши қайд этилди.

Кейинги етти йилда товар айирбошлаш икки баробар кўпайди, Европа сармояси иштирокидаги қўшма корхоналар сони мингдан ошди. Бу кўрсаткичлар инвесторларнинг Ўзбекистондаги иқтисодий ислоҳотларга ишончи ортиб бораётганидан далолат беради.

Европалик ҳамкорлар Ўзбекистон иқтисодиётини модернизация ва тубдан ислоҳ қилиш, илғор технологиялар, корпоратив бошқарув стандартларини жорий этиш ҳамда инновацион ишлаб чиқаришни ривожлантиришга кўмаклашаётгани қайд этилди.

Президентимиз инсон капиталини ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Ёшларнинг олий таълим олиш имкониятлари сезиларли даражада кенгайтирилди. Янги олий ўқув юртлари ташкил этилди, хорижий университетларнинг филиаллари очилди, европалик ҳамкорлар билан қўшма таълим дастурлари амалга оширилмоқда.

Учрашувда давлатимиз раҳбари ҳамкорликни янада чуқурлаштиришнинг тўртта муҳим йўналишини кўрсатиб ўтди.

Ўзбекистон стратегик хомашё ва минералларни ўзлаштириш ва чуқур қайта ишлаш орқали юқори қўшилган қийматли тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича лойиҳаларни биргаликда амалга оширишдан манфаатдор.

“Яшил иқтисодиёт” ва кимё саноати ҳам ҳамкорлик учун истиқболли йўналишлардир. Мамлакатимиз қайта тикланадиган энергетикани фаол жорий этмоқда, энергетика тизимини модернизация қилмоқда. Европалик ҳамкорларга “яшил” энергетика, энергия тежаш ва экологик кимё лойиҳаларида иштирок этиш таклиф қилинди.

Инфратузилма ва логистикани ривожлантириш ҳам устувор аҳамиятга эга экани кўрсатиб ўтилди. Ўзбекистон автомобиль ва темир йўллари ҳамда аэропортларни ўз ичига олган транспорт тармоғини модернизация қилмоқда. Мамлакатимиз транзит йўналишларини ривожлантириш, Европа ва Осиёни боғлайдиган замонавий логистика марказларини барпо этиш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга оширишга тайёр.

Рақамли иқтисодиёт ва ахборот технологиялари соҳасига алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистон IT-парклар ва стартап инкубаторларини ривожлантирмоқда ҳамда Европа компаниялари билан сунъий интеллект ва киберхавфсизлик соҳаларида ҳамкорлик қилишга тайёр.

Давра суҳбати иштирокчилари, ўз навбатида, мамлакатимизда инвестициялар учун яратилган шаффоф ва барқарор шароитларни юқори баҳоладилар ҳамда юртимизда янги қўшма лойиҳа ва ташаббусларни амалга оширишда иштирок этишга тайёр эканликларини тасдиқладилар.

Шунингдек, Брюссель шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев, Европа кенгаши Президенти Антониу Кошта ва Европа комиссияси Президенти Урсула фон дер Ляйен иштирокида Ўзбекистон Республикаси билан Европа Иттифоқи ўртасида Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимни имзолашга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.

Ҳужжат 1996 йилги Шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимга асосланган Ўзбекистон – Европа ҳамкорлигининг ҳуқуқий базасини янгилайди ҳамда сезиларли даражада кенгайтиради.

Янги Битим лойиҳаси бўйича музокаралар 2019 йил февраль ойида бошланиб, 2022 йил июль ойида якунланган. Ҳужжат 2022 йил 6 июль куни Брюссель шаҳрида парафирланган эди.

Битим 9 та бўлим, 356 та модда ва 14 та иловадан иборат. У икки томонлама муносабатларнинг деярли барча соҳаларини қамраб олади ҳамда сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш, савдо ва инвестициялар, барқарор ривожланиш, фан ва таълим, инновациялар ва юқори технологиялар, атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришига алоҳида эътибор қаратган ҳолда барча ўзаро манфаатли йўналишларда ҳамкорликни ривожлантириш учун кенг қамровли ҳуқуқий асосни шакллантиради.

Битимнинг имзоланиши Ўзбекистон ва ЕИ муносабатларида янги босқични бошлаб беради ҳамда кўп қиррали шерикликни мисли кўрилмаган юксак даражага олиб чиқади.

Брюсселдаги Европа кенгаши бош қароргоҳи – “Европа” биносида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Европа кенгаши Президенти Антониу Кошта ва Европа комиссияси Президенти Урсула фон дер Ляйен билан учрашуви бўлиб ўтди.

Жорий йил апрель ойида Самарқанд шаҳрида ўтган “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” биринчи саммити якунида эришилган келишувларни амалга ошириш доирасида кўп қиррали Ўзбекистон – Европа ҳамкорлигини янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Етакчилар бугун имзоланган Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги тарихий битимни юқори баҳоладилар. Ушбу кенг қамровли ҳужжат Ўзбекистон билан ЕИ ҳамкорлигининг нафақат ҳуқуқий асосларини кенгайтириши, балки янги кун тартибини шакллантириши таъкидланди.

Шунингдек, Битим бирлашмага аъзо давлатлар билан, энг аввало, савдо, инвестициялар, транспорт, энергетика, иқлим, юқори технологиялар ва маданий-гуманитар ҳамкорлик соҳаларидаги алоқаларга кучли суръат бағишлайди.

Томонлар Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзолиги бўйича ЕИ билан икки томонлама музокаралар якунланганини ҳам олқишладилар.

Барча даражаларда фаол, сермаҳсул мулоқот ва алмашинувлар амалга оширилаётгани катта мамнуният билан таъкидланди. Ташриф арафасида Ўзбекистон делегацияси Европа Иттифоқининг “Глобал дарвоза” иккинчи форумида иштирок этди. Яқинда эса Ҳамкорлик кенгаши ҳамда Иқтисодиёт, савдо ва инвестициялар бўйича кичик қўмита йиғилишлари муваффақиятли ўтказилди.

Куни кеча йирик қўшма бизнес форуми ўтказилган бўлса, бугун Европанинг етакчи компаниялари ва молиявий тузилмалари раҳбарлари билан учрашув бўлиб ўтди. Улар натижасида энергетика, кимё, муҳим минераллар, логистика, тўқимачилик ва фармацевтика тармоқларида умумий қиймати 10 миллиард евродан зиёд бўлган янги лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олинди. Бу Европа компаниялари иштирокидаги умумий қиймати 40 миллиард евродан зиёд бўлган ҳозирги лойиҳалар портфелига салмоқли қўшимчадир.

Шерикликнинг юқори суръатини сақлаб қолиш учун ҳамкорликнинг институционал механизмларини янада мустаҳкамлаш, инвестициялар, муҳим минераллар, энергетика, транспорт, фан ва таълим соҳаларида янги истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш зарурлиги таъкидланди. Ишбилармонлик ва гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш учун виза тартиботларини соддалаштириш муҳимлиги қайд этилди.

Етакчилар халқаро кун тартиби ва минтақавий ҳамкорликнинг долзарб масалалари юзасидан ҳам фикр алмашдилар.

Учрашув якунида Қўшма баёнот қабул қилинди.

Брюссель шаҳрига расмий ташриф доирасида Лакен саройида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бельгияликлар Қироли Филипп билан учрашуви бўлиб ўтди.

Савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Қирол Филипп Ўзбекистон етакчисининг ЕИ раҳбарияти билан музокараларининг якунларини юксак баҳолаб, мамлакатимиз етакчисини Европа Иттифоқи билан Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги тарихий битим имзолангани билан самимий табриклади.

Ўзбекистон – Бельгия муносабатлари изчил ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Вазирлар даражасида фаол мулоқотлар йўлга қўйилган, сиёсий маслаҳатлашувлар мунтазам ўтказилмоқда, икки мамлакат парламентларида дўстлик гуруҳлари ташкил этилган.

Маданий-гуманитар ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда. Тошкент ва Кортрейк, Самарқанд ва Льеж шаҳарлари ўртасида биродарлик алоқалари ўрнатилди. Кортрейкда буюк аллома бобомиз Абу Али ибн Синонинг бюсти очилди.

Ўзаро товар айирбошлаш ҳажми ортмоқда, Бельгия компаниялари Ўзбекистонда, хусусан, тўқимачилик, логистика ва хизмат кўрсатиш соҳаларида муваффақиятли иш олиб бормоқда. Ўтган йили Тошкентда Бенилюкс мамлакатларининг савдо палатаси очилди.

Суҳбат чоғида Бельгия компаниялари вакилларининг Ўзбекистонга ташрифларини ташкил этиш, шунингдек, маданий тадбирларни ўзаро ўтказиш муҳимлиги таъкидланди.

Учрашув якунида давлатимиз раҳбари Қирол Филиппни ташриф билан Ўзбекистонга келишга таклиф этди.

Шу билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бельгияга расмий ташрифи якунланди.

ЎзА