Нукус туманида 4 маҳалланинг газ таъминоти яхшиланди

Жорий йилда республикамизнинг шаҳар ва туманларида газ тармоқларини 2025-2026 йилги куз-қиш мавсумига тайёрлаш ишлари якунланиб, истеъмолчиларнинг табиий газдан фойдаланишига янги имкониятлар яратилди.
«Ҳудудгаз Қорақалпоғистон» газ таъминоти филиали томонидан куз-қиш мавсумида табиий газни барқарор етказиб бериш мақсадида олдиндан режалаштирилган жадвал бўйича тайёргарлик ишлари олиб борилди.
Ушбу ишларнинг Нукус туманида амалга оширилиши қай даражада?
– Туманимизда жорий йилда режадаги 4,1 километрлик газ тармоқлари реконструкция қилинди, – дейди Нукус тумани газ таъминоти бўлими бош муҳандиси Ихлос Бахиев. – Бир газ тақсимлаш пунктида капитал таъмирлаш ишлари олиб борилди.
Шунингдек, 60 километр ер усти газ тармоқлари ҳаво босими ёрдамида синовдан ўтказилиб, 15,3 километр ер ости газ тармоқларининг техник ҳолати кўздан кечирилди.
Тумандаги Дарсан маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган ер ости ўрта босимли д-219 мм.лик газ тармоғида 1,7 километрлик газ тармоғи ер остидан ер устига чиқарилиб, тўлиқ реконструкция қилинди. Натижада ушбу МФЙ ҳудудидаги Жийдели қишлоғи, Оқтерак, Бақаншақли ҚФЙ ҳудудларидаги жами 6582 хусусий хўжаликларнинг газ таъминоти яхшиланишига эришилди.

Бу борадаги ишлар самарали давом этмоқда.
А.Жийемуратов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги