Савдо-иқтисодий ва гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик янги босқичга чиқмоқда

Жорий йилнинг 22 октябрь куни Россия Федерациясининг Москва вилоятида Ўзбекистон ва Россия ҳудудлари кенгашининг иккинчи мажлиси бўлиб ўтди.
Тадбирда Россия делегациясига Россия Ҳукумати Раисининг биринчи ўринбосари Денис Мантуров, Ўзбекистон томонига Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Жамшид Ходжаев бошчилик қилди.
Ушбу тадбир икки мамлакат ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчиликнинг юксак даражасини яна бир бор тасдиқлади, десак муболаға бўлмайди.
Форумда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Аманбай Оринбаев бошчилигидаги Қорақалпоғистон делегацияси иштирок этди.
Тадбирда Жўқорғи Кенгес Раиси сўзга чиқиб, сўнгги йилларда давлат раҳбарининг алоҳида эътибори билан Қорақалпоғистоннинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш, тадбиркорлар учун қулай шароитлар яратиш, тадбиркорлик лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш янги босқичга кўтарилганлиги таъкидланди.

Бундан ташқари, форумда савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, саноат кооперацияси, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ўзаро алоқалар ва маданий-гуманитар шерикликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Айниқса, электрон савдо, қўшма саноат корхоналарини ташкил этиш, улгуржи савдо-тақсимот марказларини ривожлантириш, шунингдек, меҳнат бозорида талаб юқори бўлган мутахассисларни тайёрлаш учун дуал таълим тизимини жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбирда Россия ва Ўзбекистон ҳудудлари ўртасида савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва гуманитар соҳаларни қамраб олган 30 дан ортиқ ҳужжатлар имзоланди. Жумладан, Қорақалпоғистон делегацияси ва Россиянинг Бошқирдистон, Бурятия ва бошқа ҳудудлари ўртасида ҳамкорлик бўйича келишувлар имзоланди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги