Германия делегацияси билан аграр соҳада ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди

104

Сўнгги йилларда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Қорақалпоғистонда қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш, замонавий технологияларни жорий этиш ва халқаро ҳамкорликни ривожлантириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, хорижий давлатлар билан аграр соҳада тажриба ва янгиликлар алмашиш муҳим аҳамият касб этмоқда.

Шу муносабат билан, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари, Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири Шуҳрат Тешаев Германия Бундестагининг Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат масалалари бўйича қўмитаси раиси Ҳерманн Фербер бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Ташриф доирасида бўлиб ўтган учрашувда қўмита котибияти раҳбари Винфрид Холс, Бундестаг депутатлари Кристоф Фрауэнпрайс, Штеффен Яних ва Ина Латендорф ҳам иштирок этди.

Суҳбат давомида Қорақалпоғистонда аграр соҳани ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар муҳокама қилинди. Жумладан, фермер хўжаликлари ва чорвачилик билан шуғулланувчи тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, соҳани рақамлаштириш, экин майдонларида томчилатиб суғориш ва лазерли текислаш каби замонавий технологияларни жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, мева-сабзавот маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш, органик маҳсулотларни сертификатлаш ва бу борадаги қўллаб-қувватлаш механизмлари муҳокама қилинди. Қорақалпоғистон Республикасининг иқлим шароити, деҳқончиликдаги ютуқлари, Германиянинг аграр соҳадаги илғор тажрибалари ва аграр янгиликлар бўйича хулосалар таҳлил қилинди. Шунингдек, икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.

Ушбу учрашув Қорақалпоғистон ва Германия ўртасидаги қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш йўлидаги муҳим қадам бўлди. Учрашув якунида томонлар аграр соҳада қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, мутахассислар алмашинувини йўлга қўйиш ва тажриба алмашишни давом эттиришга келишиб олдилар.

Германия делегацияси Нукус туманида жойлашган Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация маркази фаолияти билан ҳам танишди.

Меҳмонларга марказ олимлари томонидан Оролбўйи минтақасида амалга оширилаётган илмий-тадқиқот ишлари ҳақида маълумотлар берилди. Жумладан, экотуризмни ривожлантириш, барқарор органик кунжут етиштириш, Ширинмия (Glycyrrhiza glabra) ўсимлигини FairWild халқаро талаблари асосида сертификатлаш, Ширинмия ва наъматак етиштириш ва уларнинг экспортини йўлга қўйиш, шунингдек, экологик барқарорликни таъминлаган ҳолда Оролбўйи минтақасида иқтисодий ривожланишни яхшилаш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Делегация аъзолари марказ фаолиятини юқори баҳолаб, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

Шундан сўнг Германия делегацияси Беруний туманидаги пахта далаларида ҳам бўлди. Германия Бундестагининг Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат масалалари қўмитаси раиси Ҳерманн Фербер бошчилигидаги делегация Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари, Қишлоқ хўжалиги вазири Шуҳрат Тешаев билан бирга Беруний тумани Махтумқули қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган «Дурдибаев Тажимурат» фермер хўжалиги фаолияти билан танишди.

Ташриф давомида меҳмонларга пахта етиштириш жараёнида қўлланилаётган замонавий агротехнологиялар, сув тежовчи ускуналар ва дала майдонларида амалга оширилаётган инновацион ёндашувлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Германиялик мутахассислар фермер хўжалигида олиб борилаётган ишларга, хусусан, ҳосилдорликни ошириш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва ер унумдорлигини яхшилашга қаратилган амалий чора-тадбирларга юқори баҳо берди.

Ташриф давомида томонлар ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш, илғор тажрибалар алмашиш ва қишлоқ хўжалигида инновацион технологияларни жорий этиш юзасидан фикр алмашди.

Делегация Беруний туманидаги «Беруний кластер» МЧЖга қарашли пахта тозалаш заводи фаолияти билан ҳам танишди. Меҳмонларга пахтани қайта ишлаш жараёни, тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш технологияси ва маҳаллий хомашёни чуқур қайта ишлаш имкониятлари ҳақида батафсил маълумот берилди. Германия делегацияси аъзолари ишлаб чиқариш жараёнида қўлланилаётган замонавий технологияларни юқори баҳолади.

Шундан сўнг, делегация вакиллари «Райҳон Аппарел» МЧЖда бўлди. Ушбу корхона тайёр трикотаж кийим-кечаклар ишлаб чиқаришга ихтисослашган бўлиб, бугунги кунда бу ерда 300 нафар хотин-қиз доимий иш ўринлари билан таъминланган.

Ташриф давомида Германия делегацияси аъзолари корхонада яратилган меҳнат шароитлари, маҳсулот сифати ва экспорт салоҳиятини юқори баҳолаб, бундай лойиҳалар ҳудуд иқтисодиётини ривожлантиришда муҳим ўрин тутишини таъкидлади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Ф.Эрманов ва Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг ўринбосари Р.Нуразизов Германия Бундестагининг Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат масалалари бўйича қўмитаси раиси Ҳерманн Фербер бошчилигидаги делегация билан учрашув ўтказди.

Учрашувда дастлаб Вазирлар Кенгаши Раиси бугунги кунда Президентимиз раҳбарлигида Қорақалпоғистоннинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, шу жумладан қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантириш йўналишида амалга оширилаётган ишларни кенг тарзда таъкидлаб ўтди.

Унда, шунингдек, икки мамлакат етакчилари қўллаб-қувватловидаги Ўзбекистон-Германия ўртасида йўлга қўйилган муносабатлар, бу борада минтақамизда ҳам амалга оширилаётган ишларга алоҳида тўхталиб ўтилди.

Бундан ташқари, Қорақалпоғистонда аграр соҳани ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар, жумладан, фермер хўжаликлари ва чорвачилик билан шуғулланувчи тадбиркорларни, органик маҳсулотлар етиштириш лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, истиқболли лойиҳалар устида ҳамкорлик қилиш, Германиянинг илғор тажрибаларини кенг оммалаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Ўз навбатида меҳмонлар самимий қабул учун миннатдорлик билдирди ва ҳамкорликни янада кенгайтириш, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш борасида фикрларини билдирди.

Учрашув якунида ҳамкорликни янада кенгайтириш борасида республика раҳбарлари доимо тайёрлиги ва ҳар қандай таклиф қўллаб-қувватланиши таъкидланди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги