“Бизнес клуб” ёш тадбиркорларга йўл очмоқда

123

Қорақалпоғистонда ёшларнинг бизнесга бўлган қизиқиши тобора ортаётгани яқинда бўлиб ўтган “Бизнес клуб” кастингида яққол намоён бўлди. Тадбир ЎзЛиДеП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши ҳузуридаги “Аёллар қаноти” бўлими ҳамда “Ёшлар келажагимиз” жамғармасининг Қорақалпоғистон филиали ҳамкорлигида Ёшлар марказида ташкил этилди.

Унда тадбиркорликни бошлаш ниятида бўлган 250 нафарга яқин ёшлар иштирок этиб, улар орасида 180 нафар қизнинг борлиги айни пайтда хотин-қизлар орасида тадбиркорлик руҳи ва фаоллиги ортиб бораётганини кўрсатади.

Ёшлар комиссия аъзоларига ўзининг инновацион ва истиқболли бизнес ғояларини тақдим этишди. Таклиф этилган лойиҳалар орасида маҳаллий маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш ва янги иш ўринлари яратишга қаратилган ғоялар алоҳида аҳамият касб этди.

Кастинг натижаларига кўра, амалга ошириш имконияти юқори бўлган 40 нафар бўлажак тадбиркор саралаб олинди. Улар “Бизнес клуб”нинг келаси мавсумида иштирок этиб, тажрибали мутахассислар раҳбарлигида бизнес юритиш кўникмалари, молия режалаштириш ва бозорда ўз ўрнини топиш стратегияларини ўрганади. Шунингдек, иштирокчилар учун грант дастурлари ва имтиёзли лойиҳаларда қатнашиш имконияти яратилади.

Ташкилотчиларнинг таъкидлашича, ушбу ташаббус ёшларнинг тадбиркорлик фаолиятига бўлган қизиқишини ошириш, уларнинг илғор ғояларини амалиётга татбиқ этиш ва замонавий фикрлайдиган янги авлод тадбиркорларини тайёрлашга қаратилган.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги