Асосий капиталга ўзлаштирилган инвестициялар статистикаси
Мамлакатимизда инвестиция сиёсатини тубдан такомиллаштириш ва амалга ошириш жараёнида замонавий, сифатли ёндашув ва механизмларни жорий этиш, шунингдек, инвестиция жараёнини жадаллаштириш ва умуман тадбиркорлик муҳитини яхшилаш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу чора-тадбирлар иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини жадал ривожлантириш ва модернизация қилишга хизмат қилмоқда.
– Инвестиция муҳити яхшилангани, зарур шарт-шароитлар яратилгани натижасида 2025 йилнинг январь-сентябрь ойлари якуни билан республикамизнинг асосий капиталини кўпайтиришга 17612,8 млрд. сўмдан ортиқ инвестиция киритилди, шундан хорижий инвестициялар ва кредитлар 12850,4 млрд. сўмни ёки 1001,3 миллион АҚШ долларини ташкил этди, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Статистика бошқармаси Инвестиция ва қурилиш статистикаси бўлими бошлиғи Саламат Мухаматдинов.
Қорақалпоғистон Республикасига асосий капиталга киритилган инвестицияларнинг 5 699,5 млрд. сўми тоғ-кон саноатига, 3 978,6 млрд. сўми электр, газ билан таъминлашга, 1723,9 млрд. сўми қайта ишлаш саноатига, 1 151,2 млрд. сўми ташиш ва сақлаш ҳамда 1 111,0 млрд. сўми уй-жой қурилиши фаолияти турларига сарфланган.
2025 йилнинг январь-сентябрь ойларида умумий майдони 669,2 минг кв.м. бўлган 3 689 та уй-жой қуриб топширилган. Шундан 307,3 минг кв.м.лик 1804 та уй-жой қишлоқ жойларига тўғри келади.
Мамлакатимизда аҳоли турмуш даражасини яхшилаш, мавжуд ишлаб чиқаришни техник ва технологик қайта жиҳозлаш, стратегик аҳамиятга эга бўлган тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни ўзлаштириш ва ресурслардан оқилона фойдаланиш борасидаги фаол инвестиция сиёсатини олиб бориш чоралари самарали давом этмоқда.
А.Жийемуратов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги