Ўзбекистон ва РФ ҳудудлари ўртасида 30 дан зиёд шартнома имзоланди
Москва вилоятида Ўзбекистон ва Россия ҳудудлари кенгашининг иккинчи йиғилиши бўлиб ўтди. Россия делегациясига Ҳукумат Раисининг биринчи ўринбосари Денис Мантуров, Ўзбекистон томонига эса Бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев раҳбарлик қилди.
Москва вилоятида Ўзбекистон ва Россия ҳудудлари кенгашининг иккинчи йиғилиши бўлиб ўтди. Россия делегациясига Ҳукумат Раисининг биринчи ўринбосари Денис Мантуров, Ўзбекистон томонига эса Бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев раҳбарлик қилди.

Мазкур форум икки давлат ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчиликнинг юқори даражасини яна бир бор тасдиқлади.
Бугунги кунда Ўзбекистоннинг 14 вилояти Россия Федерациясининг 50 дан ортиқ субъекти билан алоқа ўрнатган, қўшма лойиҳалар жами қиймати 6,2 миллиард доллардан ошган.
Йиғилишда савдо-иқтисодий ҳамкорлик кўламини кенгайтириш, саноат кооперацияси, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамда маданий-гуманитар шерикликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Айниқса, электрон савдо, қўшма саноат корхоналари ташкил этиш, улгуржи-тақсимот марказлари сонини ошириш, шунингдек меҳнат бозорида талабгир мутахассислар тайёрлаш учун дуал таълим тизимини жорий этиш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Россия ва Ўзбекистон ҳудудлари ўртасида савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва гуманитар соҳаларни қамраб олган 30 дан ортиқ ҳужжат имзоланган ушбу тадбир ҳудудлараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлида қўйилган навбатдаги дадил қадам бўлди.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йил 27 май куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон ва РФ Президентлари Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин раислигида Ҳудудлар кенгашининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтганди. Ўшанда умумий қиймати 5 миллиард доллардан ошиқ шартномалар тўплами ишлаб чиқилган.
Ўзбекистон –Бошқирдистон саноат парки қурилиши декабрь ойида бошланиши мумкин
Тошкент вилоятида бунёд этиладиган Ўзбекистон – Бошқирдистон қўшма саноат парки қурилишини жорий йил декабрь ойида бошлаш режалаштирилган. Бу ҳақда Бошқирдистон Республикаси раҳбари Радий Хабиров икки мамлакатВилоятлар кенгаши иккинчи йиғилишида журналистларга маълум қилди. Ўтган йил апрель ойида Бошқирдистон ҳукумати делегациясининг диёримизга расмий ташрифи чоғида “Ўзкимёсаноат” АЖ мазкур республика Тараққиёт корпорацияси билан бу борада тегишли битим имзоланган.
– Тошкент вилоятида саноат парки ташкил этиш бўйича ишни фаоллаштиришимиз керак, чунки бизда резидентлар бор ва ушбу лойиҳадан ҳар икки томон манфаатдор, – деди Бошқирдистон Республикаси раҳбари Радий Хабиров. – Биз учун яратилаётган шароитлардан мамнунмиз. Декабрда қурилишнинг тамал тошини қўямиз, деган умиддаман. Умуман, бутун минтақа миқёсида айнан Ўзбекистон билан ҳамкорлигимиз жадал ривожланяпти. Бу суръат маҳсулот айирбошлаш жараёнида ҳам акс этяпти. Ўзаро савдо айланмаси ўтган йилга нисбатан 17 фоиз ошган. Қувонарлиси, 92 банддан иборат “Йўл харитаси” билан мустаҳкамланган шериклигимиз тизимли тус олган.
Чувашия раҳбари: Ўзбекистон билан таълим лойиҳалари йўлга қўйилган
Чувашия Республикаси раҳбари Олег Николаев Ўзбекистон Республикаси билан қўшма таълим дастурлари ишлаб чиқиш, хусусан ўзаро тил ўрганиш бўйича сезиларли ютуқларга эришилганини маълум қилди.
– Маълумки, меҳнат миграцияси ҳамкорликнинг энг муҳим йўналишлардан бири ҳисобланади, – деди у. – Ўзбекистонда аҳоли сони ўсиши суръати жуда юқори эканлигини яхши биламиз. Бу ҳолат ёшларни иш билан таъминлаш заруратини кучайтиради. Биз Россия Федерациясида ишлаш истагини билдирган хорижликлар нафақат рус тилини билиши, балки зарур кўникмага ҳам эга бўлишидан манфаатдормиз. Шу боис сўнгги йилларда қўшма таълим лойиҳалари фаол илгари суриляпти. Қўшма корхоналар ташкил этиш тажриба, билим алмашиш, малака ошириш имконини беради. Энг муҳими, шериклигимиз ҳар икки томон ишбилармонлари манфаатига асосланган. Айни жараёнда тадбиркорларнинг ташвиши, муаммосига эътибор қаратамиз, саволларига жавоб берамиз, ҳужжатларини расмийлаштирамиз. Сўнгра қўшма чора-тадбирлар ишлаб чиқиб, зарур ечимлар топамиз. Мазкур ташаббуслар ижобий натижа бермоқда.
Минтақа раҳбари Чувашия Ўзбекистоннинг уч вилояти – Қашқадарё, Бухоро ва Навоий билан ҳамкорлик тўғрисида келишув имзоланганини қўшимча қилди.
ЎзА мухбири Муҳаррама Пирматова тайёрлади.