Ўзбекистонда Бутунжаҳон озиқ-овқат форуми ёшлар бўлими иш бошлади
Италия пойтахти Рим шаҳридаги БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) бош қароргоҳида бўлиб ўтаётган Бутунжаҳон озиқ-овқат форуми доирасида Ўзбекистоннинг ёшлар бўлими – “WFF Uzbekistan National YouthChapter” ташкил этилгани эълон қилинди.
Шу муносабат билан иштирокчиларга янги бўлим фаолиятининг бошланишини тасдиқловчи сертификатлар топширилди.

Бўлимнинг асосий мақсади ёшлар овозини кучайтириш, уларни барқарор озиқ-овқат тизимларини шакллантириш жараёнига жалб этиш, шунингдек, инновацион, экологик ва ижтимоий ечимлар орқали қишлоқ хўжалигини янги авлод учун жозибадор соҳага айлантиришдир.
Ёшлар бўлими бу озиқ-овқат хавфсизлиги, барқарор қишлоқ хўжалиги ва иқлим ташаббуслари соҳасида ёшлар етакчилигини ривожлантиришга қаратилган янги платформадир. Бу нафақат Ўзбекистонда, балки бутун Марказий Осиё минтақасида ташкил этилган биринчи Ёшлар бўлими ҳисобланади.

Ташаббус мамлакат қишлоқ хўжалиги соҳасида фаол ишлаётган ёш етакчилар гуруҳи томонидан илгари сурилган.
Ёшлар фаолияти доирасида иқлим ўзгаришига қарши кураш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, ер деградацияси олдини олиш ва унумдорликни ошириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда ёшларнинг халқаро даражадаги аграр тизимларда иштирокини кенгайтириш йўналишларида ташаббуслар билдирилади.
Беҳруз Худойбердиев, ЎзА