Ўзбекистон – Европа Иттифоқи: Стратегик ҳамкорликнинг янги босқичи
Маълумки, давлатимиз раҳбари Европа кенгаши Президенти Антониу Кошта ва Европа комиссияси Президенти Урсула фон дер Ляйеннинг таклифига биноан 23-24 октябрь кунлари расмий ташриф билан Брюссель шаҳрида бўлади.
Ташриф дастурига мувофиқ, Европа Иттифоқи пойтахтида ушбу бирлашманинг асосий институтлари раҳбарлари билан икки томонлама музокаралар ўтказилиши режалаштирилган.
Шунингдек, ташриф доирасида Ўзбекистон етакчиси Бельгия раҳбарияти билан учрашув ўтказади, технологик ва саноат кооперациясини ривожлантириш бўйича қўшма режаларни жадаллаштириш мақсадида Европанинг етакчи компания ва банклари раҳбарларини қабул қилади.
ЎзА мухбири мазкур тарихий ташриф олдидан Ўзбекистон ва ЕИ муносабатлари, ҳамкорликнинг ҳозирги босқичи ва истиқболлари хусусида ТДШУ Таҳлилий тадқиқотлар маркази директори, сиёсий фанлар доктори, профессор Сайфиддин Жўраевнинг фикрларини ёзиб олди.
– Аввало қайд этиш керак, Президентимизнинг Брюсселга расмий ташрифи давомида Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим (EPCA) имзоланиши кутилмоқда. Бу мамлакатимизда 2017 йилдан бошлаб олиб борилган тизимли ўзгаришлар натижасининг ёрқин намоёни бўлиб, ўз навбатида, мазкур битим ислоҳотларни кенгайтириш ва чуқурлаштириш давомийлигини таъминлаш, иқтисодиётни модернизация қилиш ва глобал ҳамкорлик янгича мазмун билан бойиб бораётганлигидан далолат беради. Бу жараённинг икки жиҳатига эътибор қаратмоқчиман.
Биринчидан, ташқи ва хавфсизлик сиёсати соҳаларида амалий ҳамкорликни янги давр талабларига мос тарзда кенгайтириш – минтақавий ва халқаро ҳамкорлик мулоқотлар платформасини яратишга олиб келади. Бу борада, янги Марказий Осиё, жумладан, Ўзбекистон билан амалий сиёсий муносабатларнинг янги давр талаблари ва қонуниятлари билан уйғунлашиб бораётганлиги, бу йўналишдаги ўзгаришларда умуминсоний ва демократик қадриятлар, давлатчилик ривожланиши ва ислоҳотларни амалга оширишда қонуннинг устуворлиги ўз натижаларини бераётганлиги билан фарқланади.
Шунингдек, Марказий Осиёда барқаро ривожланишни таъминлаш ва халқаро миқёсда ҳамкорлиикнинг янги қирраларини излаб топиш, инсониятга зарар келтираётган оммавий қирғин, айниқса, ядро қуролларининг тарқалишига йўл қўймаслик, мавжуд ва янгидан пайдо бўлиши мумкин бўлган турли зиддиятларнинг олдини олиш, ташқи сиёсат ва хавфсизлини таъминлаш бўйича очиқ, конструктив мулоқотлар олиб бориш ҳамкорликни кенгайтиришга олиб келади.
Ҳар икки томонда адолат ва хавфсизликни таъминлаш бўйича ташкилий ҳуқуқий механизмларни ҳимоя қилиш, миграция, жиноий даромадларни легаллаштириш ва терроризм, уюшган жиноятчилик ҳамда коррупцияга қарши кураш, ноқонуний гиёҳванд моддаларга қарши кураш, шунингдек, суд ишлари ва консуллик ҳимояси бўйича алоқаларнинг мунтазам ва манфаатли бўлишини таъминланишига янги шарт шароитлар яратади.
Иккинчидан, EPCA битими шубҳасиз, ўлкамиз ва Европа Иттифоқи ўртасидаги муносабатларда янги имконият ва шарт шароитлар юзага келтириб, ўзаро ҳамкорликнинг янги даврини бошлаб беради, дейиш мумкин. Кутилаётган бундай ҳамкорлик пировардида, Марказий Осиё, жумладан, Ўзбекистоннинг стратегик мавқеини ошишига, иқтисодий қудрати кўтарилишига, фуқароларимизнинг фаровонлиги таъминланишига амалий ёрдам беради.
Ўткир Алимов, ЎзА