Ёшларга оид масалалар муҳокама қилинди
Ёшларга оид давлат сиёсати доирасида барча ташкилот ва идоралар томонидан муайян ишлар амалга оширилмоқда.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Ёшлар масалалари бўйича комиссиясининг навбатдаги йиғилишида Президентимизнинг «Коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича белгиланган устувор вазифалар ижросини самарали ташкил этишга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони ижроси юзасидан амалга оширилган ишлар натижаси муҳокама этилди.
Мазкур масала юзасидан Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти томонидан амалга оширилган ишлар кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, Ёшлар ишлари агентлиги Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши билан ҳамкорликда ижтимоий тармоқларда намойиш этиш учун таъсирчан “Коррупция – келажакка таҳдид” мавзусида қисқа метражли видеоролик яратилди.
Фаол ёшлар ва ёшлар етакчиларидан иборат бўлган коррупцияга қарши курашиш бўйича республика, вилоят ва туман (шаҳар) ёш тарғиботчилар гуруҳлари ташкил этилди. Бундан ташқари, волонтёрлик гуруҳи вакиллари томонидан “Коррупция инсон фаровонлигига қарши жиноят” мавзусида ташвиқот-тарғибот тадбирлари амалга оширилиб, маҳаллалардаги ёшлар билан очиқ мулоқотлар ўтказилди.
Ёшлар парламенти аъзолари ҳам ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ҳудудларда ёшлар ўртасида коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олишга қаратилган туркум давра суҳбатлари, семинар ва тренингларни ташкил этди.
Ёшлар марказлари ва олий таълим муассасаларида «Коррупция – келажак кушандаси», «Коррупция – келажакка таҳдид» мавзулари доирасида 3,5 минг нафардан зиёд ёшлар билан давра суҳбатлари ва учрашувлар ўтказилди.
Шунингдек, йиғилишда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишда вазирликлар томонидан амалга оширилган ишлар ҳам муҳокама этилди. Хусусан, Фавқулодда вазиятлар ҳамда Транспорт вазирликлари томонидан ёшлар йўналишида амалга оширилган ишлар тўғрисидаги маълумотлари кўриб чиқилди.
Қайд этилганидек, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимида “Ёшлар баланси” шакллантирилган. Ёшлар муаммоларини бартараф этиш бўйича “Йўл харитаси” ишлаб чиқилган.
Ёш мутахассисларнинг билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш мақсадида 2 минг 350 нафар ёшлар иштирокида 12 маротаба соҳага доир Брейн-ринг ва викторина, 18 маротаба “Заковат” интеллектуал ўйинлари ўтказилган.
Шунингдек, вазирлик ва унинг ҳудудий бошқармалари ва таркибий тузилмаларида 23 маротаба “китоб мутолааси” акцияси, 12 марта китобхонлик кечалари ташкил этилган.
Транспорт вазирлигининг маълумотига кўра, транспорт ва йўл хўжалиги соҳасининг 4 та транспорт турлари йўналиши бўйича “Инновацион ғоялар” кўрик танлови ўтказилиб, “Вазир ва ёшлар” учрашуви доирасида мазкур кўрик танлов ғолиблари тақдирланган.
Шу билан бирга, Тошкент давлат транспорт университетида битирувчиларни иш билан таъминлаш мақсадида “Карьера куни” меҳнат ярмаркаси ўтказилган.
М.Комилова, ЎзА