Сув хўжалиги соҳасидаги ислоҳотлар ва ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди
Куни кеча сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Зокир Ишпулатов ва БМТ Тараққиёт дастури (UNDP)нинг Ўзбекистондаги доимий вакили Акико Фужии хоним ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув давомида томонлар сув хўжалиги соҳасида ҳамкорлик истиқболлари ва соҳанинг ривожланиши йўлидаги қадамлар ҳақида фикр алмашди.

Мулоқотда БМТ Тараққиёт дастури Ўзбекистонда сув хўжалиги соҳасида кўп йиллик самарали ҳамкорлик олиб боргани таъкидланди. Шунингдек, соҳада ҳуқуқий базани такомиллаштириш, қуйи бўғин ташкилотларининг моддий-техник таъминотини яхшилаш, ходимлар малакасини ошириш ва сувдан самарали фойдаланишга қаратилган лойиҳаларнинг юқори натижалар бергани қайд этилди.
БМТ Тараққиёт дастурининг доимий вакилига Президент ташаббуси билан сув хўжалиги соҳасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар тўғрисида маълумотлар берилди.

Шундан сўнг мулоқотда “Ўзбекистоннинг Қорақалпоғистон Республикасида сув ва иқлим барқарорлигини мустаҳкамлаш” ҳамда “Қашқадарё вилоятида сув ресурсларини барқарор жамоавий бошқариш” лойиҳалари муҳокама қилинди.
Томонлар ушбу ташаббуслар сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, аҳоли фаровонлигини ошириш ҳамда соҳада инновацион ёндашувларни жорий этишга хизмат қилишини алоҳида таъкидлади.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА