Янги Ўзбекистонда маданият ва санъат соҳасининг ривожланиш тенденциялари

126

Сўнгги йилларда мамлакатимизда олий ўқув юртларида таълим сифатини оширишнинг асосий омилларидан бири сифатида профессор-ўқитувчиларни илмий-тадқиқотга йўналтириш, уларнинг илмий салоҳиятини кўтариш орқали жаҳон илмий ҳамжамиятида, халқаро нуфузли илмий-техник базаларда ўз ўрнига эга бўлишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада Президентимиз томонидан қатор қарор ва фармонлар қабул қилиниб, олий ўқув юртлари олдига ривожланган давлатлар тажрибасини жорий этишда халқаро мезонлар асосида ишлаб чиқилиб, янги-янги талаб ва вазифалар белгилаб берилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг 2024 йил 20 мартдаги 76-сонли буйруғига асосан, жорий йилнинг 22 октябрь куни Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида филиалнинг «Янги Ўзбекистонда маданият ва санъат соҳасининг ривожланиш тенденциялари» мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Тадбирда мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан ташқари, Россия, Қозоғистон, Қирғиз Республикаларидан таниқли олимлар, санъатшунослик бўйича изланувчилар, филиал профессор-ўқитувчилари ва талаба-ёшлар иштирок этди.

Анжуманда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг қўмита раиси М.Атамуратов сўзга чиқиб, конференциянинг очилиши билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши номидан табриклади.

Конференцияни филиал директори вазифасини бажарувчи Қ.Юсупов олиб борди.

Унда Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти «Санъатшунослик ва маданиятшунослик» кафедраси профессори, тарих фанлари доктори Абдухалил Маврулов «Замонавий шароитда маданият феноменини ўрганишнинг ўзига хослиги» мавзусида, М.Авезов номидаги Жанубий Қозоғистон университети «Умумий тарих ва музей иши» кафедраси мудири, тарих фанлари номзоди, доцент Гулжан Отарбаева «Замонавий кутубхоначи: анъаналар ва инновациялар уйғунлиги» мавзусида, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти «Маданият ва санъат менежменти» кафедраси мудири, санъатшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), доцент Сайфулло Икромов «Маданий тадбирларни ташкил этиш ва бошқариш усулларининг замонавий тенденциялари» мавзусида, санъатшунослик фанлари номзоди, Дина Нурпеисова номидаги Қозоқ халқ чолғулари академик оркестри солисти Акнар Шарипбаева «Қозоғистон мусиқа таълими тизимида анъанавий қўбизнинг ўрни» мавзусида, Қорақалпоғистон халқ бахшиси, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти Нукус филиали «Халқ ижодиёти» кафедраси мудири, профессор Гулбахар Ахимбетова «Соз, сўз ҳаракатларни ўзида мужассам этган жанр» мавзусида, Х.А.Яссавий номидаги халқаро қозоқ-турк университети «Ижрочилик санъати» кафедраси катта ўқитувчиси Алимбай Ботакараев «Театр ва мусиқа» мавзусида, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти Нукус филиали «Маданиятшунослик» 2-босқич магистранти Шахсанем Султамуратова «Кинематографияда генератив сунъий интеллектнинг роли» мавзусида маърузалар қилди.

Тадбирда маданият ва санъат соҳасининг бугунги масалалари, муаммолари ва уларнинг ечими тўғрисида қимматли фикр ва таклифлар билдирилди. Тадбир филиал талаба-ёшлари томонидан тайёрланган концерт дастури билан давом этди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги