Институтда Ўзбек тили байрами нишонланди

103

Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинганлигининг 36 йиллиги ҳамда 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни муносабати билан Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида “Тилшунослик ва лингводидактиканинг долзарб масалалари” мавзусида республика илмий-амалий конференцияси ва байрам концерти ташкил этилди. 

Конференциянинг очилиш пленар мажлисида ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректор Қ.Қодиров сўзга чиқиб, иштирокчиларни байрам билан табриклади. Тадбирда филолог олимлар, профессор-ўқитувчилар, ёш тадқиқотчилар, талаба-ёшлар, кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Конференцияда институтнинг қорақалпоқ тили кафедраси профессори А.Пирниязова, ўзбек тили кафедраси доценти А.Султанова, ушбу кафедра докторанти А.Камалов ўзбек тилининг жаҳон тиллари орасидаги ўрни, туркий тилларни ўрганиш масалалари ва тилшуносликнинг турли соҳаларига оид маърузаларини ўқиб берди. Таъкидланганидек, бундан 36 йил муқаддам, яъни 1989 йил 21 октябрь куни Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили тўғрисида”ги Қонуни қабул қилиниб, ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган эди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг халқимизга байрам табригида келтириб ўтганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда ўзбек тилини ривожлантириш, унинг ҳаётимиздаги ўрни ва таъсирини ошириш бўйича янги босқич бошланди.  Давлат тилининг нуфузи ва мавқеини оширишга қаратилган фармон ва қарорлар, меъёрий ҳужжатлар қабул қилинди. Бу борада 2020-2030 йилларга мўлжалланган концепция ва алоҳида дастур ҳаётга татбиқ этилмоқда.

Конференцияда маърузачилар ва сўзга чиққанлар томонидан ўзбек тилининг жаҳон тиллари орасидаги нуфузини ошириш, мамлакатимизда давлат тили сифатидаги мақомини, қўлланилишини янада такомиллаштириш, филология йўналишида янги йўналишларда илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш мақсадида келгусида амалга ошириладиган ишлар ҳақида ҳам фикрлар билдирилди.

Тадбир институтнинг “Тўмарис” халқ ансамбли, “Сий перде” ва “Тараннум” ансамбллари аъзолари, филология факультетининг иқтидорли талабалари, шунингдек, ҳамкор мактаб ўқувчилари ижросидаги байрам концерти билан давом этди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги