Италиянинг Ка Фоскари университети билан ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди

Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Қуанишбай Сейтназаров Италиядаги энг нуфузли олий таълим муассасаларидан бири – Венециянинг Ка Фоскари университети халқаро алоқалар бўйича проректори Антонио Маркомини билан учрашди.
Институтнинг матбуот хизмати маълумотига қараганда, учрашувда проректор Қуанишбай Сейтназаров институт тарихи, бугунги кундаги илмий-инновацион ва халқаро ҳамкорлик йўналишидаги фаолиятининг натижалари ҳақида маълумот берди.
Ка Фоскари университети 150 йиллик тарихга эга бўлган Европадаги илғор давлат олий ўқув юртларидан бири бўлиб, бу ерда талабалар аниқ ва гуманитар фанлар, хорижий тиллар, менежмент ва иқтисодиёт йўналишлари бўйича бакалавриат ва магистратура босқичларида таҳсил олади.

Тадбирда педагогика ва филология, экология ва барқарор ривожланиш, технологиялар ва инновациялар, IT соҳасида ҳамкорлик йўналишлари муҳокама қилинди. Хусусан, IT технологиялар, дастурлаш, маълумотлар илми (Data Science) бўйича бакалавриат ва магистратура босқичларида қўшма таълим дастурини йўлга қўйиш, профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинуви, биргаликда амалий семинарлар ва лаборатория ишларини ўтказиш, рақамли технологиялар, сунъий интеллект, дастурий таъминот, шунингдек, уларни таълим ва экология соҳаларида қўллаш бўйича қўшма тадқиқотларни ривожлантириш, технологик ривожланиш ва IT билан боғлиқ халқаро грантларда биргаликда иштирок этиш, лойиҳалар бўйича икки олий таълим муассасаси профессор-ўқитувчилари ҳамда талабалари ишлаши мумкин бўлган ИТ-лаборатория ва инновацион марказ яратиш каби масалалар кўриб чиқилди.
Учрашув якунида кўриб чиқилган масалалар юзасидан келгусида биргаликда амалга ошириладиган ишлар белгилаб олинди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги