Эътибор ва меҳр ифодаси: Ёшлар янги уйга эга бўлди

67

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 9 августдаги «Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-5216-сонли қарорига асосан, боқувчисини йўқотган ёшларимиз Мийирбек Реймов ва Элбурс Қадирниязовларга тумандаги Есим маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган «Янги Ўзбекистон массиви»да қурилган турар жойдан барча қулайликларга эга икки хонали уй совға қилинди.

Тадбирда туман ҳокими А. Баймуратов тегишли соҳа раҳбарлари билан бирга уй эгаларига янги уйнинг калитини топшириб, уларга эзгу тилакларини билдирди ва ундаги яратилган шароитлар билан танишди.

– Туманимиз бўйича Президентимизнинг ПҚ-5216-сонли қарори асосида жорий йилда 4 нафар ёшга янги уйларни совға қилиш режалаштирилган, – дейди Қораўзак тумани Инсон ижтимоий хизматлар марказининг болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш сектори бошлиғи Азамат Дарибаев. – Шундан бугун Есим ва Ота макон аҳоли пунктларида яшовчи икки ёшга янги Ўзбекистон массивидан иккита уй сотиб олиб бердик. Шунингдек, Элбурс Қадирниязов Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан Президентимизнинг махсус қарори асосида давлат имтиёзи билан грант асосида ўқишга қабул қилинди. Бундай эзгу ишлар туманимизда ҳамон давом этмоқда.

Тадбирда янги уй эгалари ҳам Президентимизнинг ёшларга яратаётган имкониятларидан мамнун бўлиб, Юртбошимизга ўз миннатдорликларини билдирди.

Адилбай Оразов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси