Президен ташаббуси билан Бўзатовда янги шифо маскани барпо этилди

Сўнгги йилларда мамлакатимизда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, дам олиш имкониятларини яратиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг 2020 йил 2 октябрь куни Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи давомида ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг навбатдан ташқари саккизинчи сессиясида берилган топшириқлари, шунингдек, 2020 йил 8 октябрдаги «Қорақалпоғистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда учраётган муаммолар ва уларни бартараф этиш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар тўғрисида»ги 73-сонли мажлис баённомасининг 103-бандига мувофиқ, Ўзбекистон касаба уюшмалари томонидан Бўзатов туманида 2021 йилда санаторий қуриш бўйича вазифалар белгиланган эдиди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раҳбарлари томонидан санаторийнинг тамал тоши 2023 йил 10 март куни қўйилган бўлса, бугунги кунда одамларнинг саломатлигини тиклашга қаратилган янги санаторий қад ростлади.
17 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев Ўзбекистонда касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллик юбилейи ва «11 ноябрь – Ўзбекистон касаба уюшмалари куни» муносабати билан тизимда илғор ва фидойи меҳнат қилган касаба уюшмалари фаоллари ва меҳнат фахрийлари билан учрашиб, унда Бўзатов санаторийси тантанали равишда очилди.

Учрашувда онлайн тарзда ҳудудий студиядан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбаев, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Ф.Эрманов, вазирликлар ва ташкилотларнинг раҳбарлари, касаба уюшмаларининг фаоллари иштирок этди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбаев сўзга чиқиб, сўнгги вақтларда республикамизда Президентимиз раҳбарлигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, ҳудудларда рўй бераётган катта ўзгариш ва янгиланишларни фахр билан эътироф этди. Айниқса, энг чекка ҳудудлардан бири Бўзатовда халқаро талабларга жавоб берадиган 6 қаватли янги замонавий санаторийнинг қурилгани инсон қадри учун қилинаётган эзгу ишларнинг яққол ифодаси эканлигини айтиб, бунинг учун Ҳурматли Юртбошимизга бутун бўзатовликлар, қорақалпоғистонликлар номидан катта миннатдорчилик билдирди.
– Бу – инсон қадрини, халқ фаровонлигини устувор деб билган давлат сиёсатининг амалий ифодасидир, – деди республикамиз раҳбари.
Санаторий 6 қаватли шинам ётоқхоналар, 2 қаватли даволаш маркази, замонавий ошхона ва маданият клуби, фин, рус ва турк ҳаммомлари, ёпиқ турдаги бассейн, шунингдек, оилавий коттежлар ва бошқа инфратузилмалардан иборат. Санаторийда қуёш панеллари орқали қайта тикланувчи энергия манбалари ҳам йўлга қўйилган.

Лойиҳага кўра, санаторий бир вақтнинг ўзида 200 нафар дам олувчига хизмат кўрсатиб, йилига 6000 нафар фуқаро шифобахш сув муолажалари, физиотерапия ва бошқа замонавий тиббий хизматлар орқали ўз саломатлигини тиклаш имкониятига эга бўлади.
12,5 гектар майдонни эгаллаган санаторийнинг 6,3 гектарига мевали, 4 гектарига манзарали дарахт кўчатлари экилган.

124 миллиард сўмлик ушбу лойиҳа 120 нафар мутахассис учун доимий иш ўринлари яратади. Бу эса, ўз навбатида, туман аҳолисининг турмуш сифатини оширишга хизмат қилади.
Қурилиш ишлари давлат бюджети ҳисобидан молиялаштирилган бўлиб, буюртмачи сифатида – Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси капитал қурилиш бошқармаси томонидан амалга оширилди.

Тадбирда Эркиндарё овул фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Қудайберген Тилеўлиев ҳам сўзга чиқиб, Қорақалпоғистон Республикаси, жумладан, Бўзатов туманига кўрсатаётган оталарча ғамхўрлиги учун Президентимизга алоҳида раҳмат айтиб, ҳудуд аҳолиси Давлатимиз раҳбарининг бундай юксак ишончини оқлаш учун сидқидилдан хизмат қилишини таъкидлади ва миннатдорлик сифатида Қорақалпоғистон халқ шоири Гулистан Даўлетованинг «Президент» номли қўшиғини айтиб берди.

Тантанали маросимда тадбир иштирокчилари дам олиш масканида яратилган имкониятлар билан яқиндан танишиб, уларга ўзларининг юксак баҳоларини берди.
Дарҳақиқат, Бўзатовда мана шундай муҳташам санаторийнинг фойдаланишга топширилиши, бу Президентимиз раҳбарлигида Қорақалпоғистонда халқ фаровонлиги учун қилинаётган ишларнинг амалдаги ифодасидир.

Яратилаётган бу қулайликлар эса, халқимизнинг эртанги кунга бўлган ишончини мустаҳкамлаб, уларни янги марралар сари ундамоқда.
Очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Т.Худайбергенов иштирок этди.
Адилбай Оразов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси.