Ўзбекистон ноширлари Германияда

83

Германиянинг Франкфурт шаҳрида ўтказилаётган «Frankfurter Buchmesse” халқаро китоб кўргазма-ярмаркасида ўзбек адабиётининг сара намуналари Ўзбекистон экспозициясида намойиш қилинмоқда.

Ушбу нуфузли кўргазма дунёдаги энг йирик ва муҳим халқаро тадбирлардан ҳисобланади. У 1949 йилдан буён муаллифлар, нашриётлар, матбаа корхоналари, китоб савдоси ташкилотлари, адабий агентликлар ва китоб ихлосмандларини бир манзилда, яъни Франкфурт шаҳрида жамлайди.

Жорий йилги кўргазмада 92 дан ортиқ давлатдан келган иштирокчи компанияларнинг кўргазма стендлари намойиш қилиняпти.

140 дан ортиқ давлатнинг экспертлари, минг нафардан зиёд асар муаллифлари қатнашаяпти. Кўргазма-ярмаркага 230 мингдан ортиқ китоб ихлосмандлари ташриф буюриши кутилмоқда.

Мазкур халқаро тадбирнинг фахрий меҳмони Филиппин давлати  бўлиб, ўзининг маданияти, адабиёти, санъати ҳамда китоб саноатининг сўнгги ютуқлари ҳақида тақдимот қилади.

Ўзбекистон экспозициясида «Ўзбекистон», «Янги аср авлоди», «Credoprint», «Asian book house», «Global books», «Ёшлар матбуоти», «Дунё нашр», «Китоб сайёраси», «Ёш куч» нашриёти ҳамда «Ўздавкитобсавдо» ташкилоти вакиллари, муаллифлар (болалар ёзувчиси Мадина Мўминова) ўзбек адабиёти намуналарини намойиш қилиш билан бир қаторда, чет эллик нашриётлар ва китоб муаллифлари билан адабий ҳамкорлик алоқаларини ҳам ўрнатмоқдалар.

Н.Усмонова,

ЎзА