«Тахиатош болалар уйи» фаолияти тўхтатилди

105

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 14 ноябрдаги «Болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 27 декабрдаги «Етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни жойлаштириш шакллари бўйича айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директорининг 2025 йил 29 сентябрдаги махсус буйруғига мувофиқ, шу кунга қадар фаолият юритиб келаётган «Тахиатош болалар уйи»нинг фаолияти расман тўхтатилди.

– Ушбу қарор болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини ислоҳ қилиш, уларни оилавий муҳитга яқин шароитда тарбиялаш ва ҳар бир тарбияланувчининг шахсий ривожланишини таъминлаш мақсадида қабул қилинган, – дейди Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси матбуот котиби Парахат Қазақбаев.

«Тахиатош болалар уйи»да тарбияланиб келган болалар белгиланган тартибда Нукус шаҳрида янги ташкил этилган «Кичик ҳажмли болалар уйи»га кўчирилди. Янги муассасада болалар учун замонавий таълим, дам олиш ва шахсий қобилиятларини ривожлантириш учун барча шароитлар яратилган.

Шунингдек, уларни янги муҳитга мослаштириш, маънавий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида малакали ижтимоий ходимлар, психологлар ва тарбиячилар иш олиб бормоқда.

Бу ўзгаришлар мамлакатимизда етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум болаларни давлат ҳимоясига олиш тизимини замонавий босқичга олиб чиқиш йўлидаги муҳим амалий қадамлардан биридир.

А.Жийемуратов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги