«Кибержиноятчилар»дан ҳимояланиш усулларини билишимиз керак

Қорақалпоғистон Республикаси Божхона бошқармасида божхона ходимлари иштирокида навбатдаги ўқув машғулоти ўтказилди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси ходими иштирок этиб, сўнгги 10 йилда дунёда бутун жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланувчилар сони қарийб икки баробарга ошганлиги ва аҳолининг 62,5 фоизи ёки 4,95 миллиард киши интернетдан фойдаланаётганлигини маълум қилди.
Қайд этилганидек, статистикага кўра, дунёда ҳар 39 секундда киберхавфсизликка қарши ҳужум содир бўлади. Айрим ҳисоб-китобларга кўра, 2020 йилда кибержиноятлар оқибатида жаҳон иқтисодиётига 1 триллион АҚШ долларидан зиёд зарар етказилган, 2025 йилда эса бу кўрсаткич 10 триллион АҚШ долларидан зиёдни ташкил этиши башорат қилинмоқда.
Шунингдек, кибержиноят – XXI асрнинг янги хавфи эканлиги, кибермаконда содир бўлаётган жиноятларнинг олдини олишнинг аҳамияти таъкидланиб, «кибержиноятчилар»дан эҳтиёт бўлишнинг усуллари таклиф этилди.
Хусусан, нотаниш шахсларга паспорт маълумотлари, карта рақами, СМС кодларни бермаслик, телефонга келган шубҳали ҳаволаларни (линклар) босмаслик, «Сиз ютдингиз!,» «Пул топинг!» каби шубҳали хабарларга ишонмаслик, фақат расмий илова ва сайтлардан фойдаланиш, бундай ҳолатда дарҳол ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар бериш, телеграм орқали келган арк файлни очмаслик, карта маълумотлари ва паролларни ҳеч кимга бермаслик бўйича тушунтиришлар берилди.



Шунингдек, ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган ёлғон ваъдалар ва эълонларга ҳам ишонмаслик бўйича атрофлича тушунтириш ва кўрсатмалар берилиб, божхона ходимларига расмий каналга аъзо бўлиб, мамлакатимизда содир бўлаётган кибержиноятлар маълумотларини билиб боришлари мумкинлиги тавсия этилди.
Иштирокчилар мутахассислардан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
А.Жийемуратов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги