Исломий банк фаолиятига оид қонун лойиҳаси такомиллаштирилмоқда

98

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси томонидан “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига Ўзбекистонда исломий банк фаолиятини жорий қилишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси мазмун-моҳиятига бағишланган семинар ўтказилди.

Тадбирда исломий банк фаолияти, исломий молия фаолияти, исломий молия операциялари, исломий молия стандартлари ҳамда инвестициявий депозит, исломий банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия олиш, исломий молия операциялари – муробаҳа, музораба, мушорака, вакала, салам ва бошқаларга оид тушунчалар бериб ўтилди.

Қайд этилганидек, исломий банк фаолиятини амалга оширувчи банкларга бевосита савдо фаолиятини амалга оширишга ҳамда юридик шахсларни ташкил этиш ва юридик шахсларнинг устав фондларидаги улушларни ёки акцияларни чекловларсиз олишга рухсат берилиши лойиҳада ўз аксини топмоқда.

Депутатлар қонун лойиҳаси билан исломий молия операцияларига солиқ солиш бўйича махсус солиқ режими жорий қилинаётгани микромолия ташкилотлари томонидан кўрсатилаётган исломий молиялаштиришга оид хизматлар кўламининг ошишига ҳам катта туртки бўлишини таъкидлади.

Қонун лойиҳаси анъанавий молиявий хизматларга муқобил молиявий хизматларни жорий қилишга ҳамда молиявий оммабопликни оширишга қаратилгани қайд этилиб, уни такомиллаштириш юзасидан таклиф ва тавсиялар берилди.

М.Комилова, ЎзА