Икки қўшни давлат IT-Park’лари ўртасида ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда
Бугунги кунда ахборот технологиялари ҳар бир мамлакат тараққиётининг асосий таянчига айланиб бормоқда.
Рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, инновацион ғояларни амалга ошириш ва ёшлар салоҳиятини қўллаб-қувватлаш соҳаларида халқаро ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этмоқда. Шу мақсадда, Ўзбекистон ва Тожикистон IT соҳасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматовнинг Душанбе шаҳрига амалга оширган ташрифи доирасида Тожикистон пойтахтида жойлашган “IT-Парк Душанбе” фаолияти билан яқиндан танишув бўлиб ўтди.
Учрашув чоғида делегацияга мазкур паркнинг ташкил этилиш тарихи, унинг асосий йўналишлари, резидент-компаниялар учун яратилган шарт-шароитлар ҳамда Тожикистонда ахборот технологиялари соҳасини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумот берилди.

Шунингдек, IT-Park ҳудудида ёшлар ва стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш, ахборот технологиялари соҳасида малакали мутахассислар тайёрлаш, инновацион ечимларни жорий этиш ва хусусий сектор билан ҳамкорликни кенгайтириш йўналишидаги ишлар тақдим этилди.
Ташриф доирасида Ўзбекистон ва Тожикистон IT-Park’лари ўртасида ҳамкорликни жадаллаштириш, қўшма стартап ва инкубация дастурларини ташкил этиш, шунингдек, IT-компаниялар фаолияти учун қулай муҳит яратиш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув якунларига кўра, томонлар ахборот технологиялари соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, тажриба алмашиш ва IT-Park’лар ўртасида доимий ҳамкорлик платформасини йўлга қўйиш бўйича келишувга эришди.
Нигора Раҳмонова, ЎзА