Ёшлар ўртасида гиёҳвандлик ва наркожиноятларга қарши курашиш – куннинг долзарб масаласи

Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида бўлиб ўтган семинарда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Наркотикларни назорат қилиш миллий маркази, Ички ишлар вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Республика ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш ва психологик-педагогик ташхис маркази, Республика ихтисослаштирилган руҳий саломатлик илмий-амалий тиббиёт маркази Қорақалпоғистон Республикаси филиали вакиллари томонидан ёшларга гиёҳвандлик ва психотроп моддаларнинг зарарли оқибатлари ҳақида кенг тушунча берилди.
Таъкидланганидек, мамлакатимиз бўйлаб гиёҳвандлик ва наркожиноятларга қарши курашиш бўйича миллий стратегия ишлаб чиқилган бўлиб, жойларда турли тарғибот тадбирлари амалга оширилмоқда.
Тадбирда гиёҳвандлик ва психотроп моддалар муаммоси бугунги куннинг энг глобал ва долзарб муаммоларидан бири эканлиги таъкидланди. Айниқса, ёшлар ўртасида бу иллатларнинг тарқалиши жамиятимиз учун катта хавф туғдиради.
Семинарда сўзга чиққанлар томонидан ушбу муаммонинг олдини олиш ва ёшларни бундай зарарли иллатлардан сақлаб қолиш учун тушунтириш ҳамда тарғибот-ташвиқот ишларининг самарадорлигини оширишнинг аҳамияти юқори эканлиги алоҳида таъкидланди.
Гиёҳвандлик ва психотроп моддалардан фойдаланиш нафақат инсоннинг жисмоний саломатлигига салбий таъсир кўрсатади, балки руҳий саломатлиги ва ижтимоий ҳаётида ҳам ўрнини тўлдириб бўлмайдиган йўқотишларга олиб келади. Гиёҳвандликка берилган ёшлар ўқиш, иш ва шахсий ҳаётда юқори натижаларга эриша олмайди, оила аъзолари ва дўстлари билан мулоқотда муаммолар юзага келиб, ижтимоий изоляцияга тушиб қолади.
Бунинг олдини олиш учун ёшлар ўртасида мунтазам равишда маънавий-маърифий тарғибот ишларини ташкил этиб, ёшларга соғлом турмуш тарзи ва гиёҳвандликдан сақланиш йўллари ҳақида маълумотлар бериб бориш муҳим ҳисобланади.
Шу билан бирга, оила ва жамиятнинг ролини ошириш, қонунчилик ва жамоатчилик назоратини кучайтириш, ёшлар учун психологик ёрдам кўрсатиш ва реабилитация ишларини йўлга қўйиш гиёҳвандлик ва психотроп моддаларнинг ёшлар ўртасида тарқалишининг олдини олишга хизмат қилади.
Семинар давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан тўлиқ жавоб олди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги