Қишлоқ аёллари ҳурматга сазовор бўлди

108

15 октябрь – Халқаро қишлоқ аёллари куни муносабати билан Нукус шаҳридаги файзли масканлардан бирида Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан тантанали байрам тадбири ўтказилди.

Мақсад – қишлоқ хўжалиги соҳасида фидокорона меҳнат қилаётган аёлларнинг жамиятимиздаги ўрни, уларнинг аграр соҳани ривожлантиришга қўшаётган катта ҳиссасини маълум қилиш ва уларни рағбатлантиришдан иборат.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг қишлоқ ва сув хўжалиги бўйича ўринбосари, Қишлоқ хўжалиги вазири Ш.Тешаев, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича котибияти бошлиғи А.Жуманиязовлар иштирок этиб, барча йиғилганларни байрам билан табриклади.

Тадбир давомида қишлоқ хўжалиги соҳасида самарали меҳнат қилиб келаётган бир гуруҳ хотин-қизлар фахрий ёрлиқлар ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Байрам дастури маданият ходимлари томонидан тайёрланган концерт дастури билан давом этди.

Маълумот учун, бугунги кунда Қорақалпоғистонда жами 511 аёл фермер хўжалигини бошқариб келмоқда. Уларнинг 300 нафардан ортиғи деҳқончилик, 58 нафари чорвачилик ва балиқчилик, 150 нафардан зиёди боғдорчилик ва асаларичилик билан шуғулланиб келмоқда. Асосийси, фермер аёллар ўзларининг самарали меҳнати билан мамлакатимиз иқтисодиёти ривожига муносиб ҳисса қўшмоқда.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги