Институтда талабалар учун яратилган шароитлар намойиш этилди

77

Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида талаба-ёшларни оммавий спортга кенг жалб этиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва спорт тўгараклари фаолиятини ёритиш мақсадида оммавий ахборот воситалари учун медиа-тур ташкил этилди.

Медиа-турда республика ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналистлар, блогерлар иштирок этиб, институтда спорт инфратузилмасини ривожлантириш, талабаларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш ва соғломлаштириш тадбирларини йўлга қўйиш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишди.

– Айни пайтда институтда 13 мингга яқин талаба таҳсил олаётган бўлиб, улардан кундузги таълим йўналишларида ўқиётган ёшларнинг 62 фоизи спорт тўгаракларига қамраб олинган. Институт спорт клуби, шунингдек, жисмоний тарбия ва спорт кафедраси томонидан ҳар бир факультет кесимида «Беш ташаббус олимпиадаси», «Талабалар лигаси», «Универсиада», «Вазир кубоги» ва «Ректор кубоги» каби спорт мусобақалари мунтазам ўтказилади. Жами 9 спорт тури – волейбол, баскетбол, футбол, шахмат, футзал, гандбол, кураш, енгил атлетика ва стол тенниси бўйича спорт тўгаракларида ёшлар мунтазам равишда спорт билан шуғулланмоқда, – дейди институт спорт клуби раиси ўринбосари Миралим Алланазаров.

Шу мақсадда институтда моддий-техник базани мустаҳкамлаш, ёшлар учун қўшимча қулайликлар яратишга алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, замонавий стандартларга жавоб берадиган 300 ўринга мўлжалланган футбол стадиони, 100 ўринли баскетбол ва волейбол майдони, янги спорт мажмуаси ва спорт саройи, 2 та ёпиқ спорт зали, 2 та сунъий қопламали мини-футбол ва очиқ спорт майдончалари талаба-ёшлар учун хизмат қилмоқда.

Ана шундай шароит ва имкониятлардан самарали фойдаланаётган талабалар спорт мусобақаларининг республика босқичларида, шунингдек, мамлакат биринчиликлари, Осиё ва жаҳон чемпионатларида юқори натижаларга эришиб келмоқда.

Алоҳида таъкидлаш жоизки, «Универсиада» спорт мусобақаларида институт спортчи талабаларининг қўлга киритган ютуқлари натижасида 2019 ва 2023 йилларда институтга спорт анжомларидан иборат Президент совғалари топширилган бўлса, волейбол ва регби-7 спорт турлари бўйича институт талабалари мамлакатимизнинг терма жамоаси таркибида Осиё ва бошқа халқаро спорт мусобақаларида қатнашиб, юқори натижаларни қўлга киритиб келмоқда.

Шунингдек, спорт майдончалари, айниқса футбол майдони ушбу ҳудуддаги маҳалла фуқаролар йиғинлари ёшлари учун ҳам яхши хизмат қилмоқда.

Медиа-тур иштирокчилари спорт тўгараклари фаолияти, талабаларнинг қўлга киритаётган ютуқлари, мусобақалардаги эришган натижалари ва институтда яратилган шароитлар ҳақида батафсил маълумотларга эга бўлди.

Медиа-тур институтда амалга оширилаётган спорт-соғломлаштириш тадбирларини кенг жамоатчиликка етказишда муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Мелиа-тур давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

А.Жийемуратов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги