Ўзбекистон – Хитой: Илмий-инновацион ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда

94

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлимида Хитой Халқ Республикасининг Синьцзян қишлоқ хўжалиги фанлари академияси олимларидан иборат делегация иштирокида учрашув бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлими раҳбари, академик Ахмед Реймов меҳмонларни самимий кутиб олиб, мамлакатимизда, хусусан, Қорақалпоғистон Республикасида қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, ер унумдорлигини ошириш, экологик барқарорликни таъминлаш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш борасидаги ишлар ҳақида батафсил маълумот берди.

Суҳбат давомида томонлар ўзаро тажриба алмашиш, шўрланган ерларда тупроқ таркибини яхшилаш, қум кўчишининг олдини олиш ва ҳудудларда барқарор деҳқончиликни ривожлантириш йўналишларида биргаликда илмий-амалий тадқиқотлар олиб бориш бўйича келишиб олдилар. Шунингдек, делегация аъзолари томонидан Хитойнинг илғор агротехнологияларини Қорақалпоғистон шароитига мослаштириш, ўсимлик генетикаси ва селекция соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш бўйича таклифлар билдирилди.

Учрашув якунида томонлар икки томонлама илмий алоқаларни янада мустаҳкамлаш, қўшма лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш, шунингдек, ёш олимлар ва тадқиқотчилар ўртасида тажриба алмашиш дастурларини йўлга қўйиш бўйича ўзаро фикр алмашди.

Ўтказилган ушбу учрашув Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги илмий-инновацион ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, минтақанинг экологик ва аграр муаммоларини биргаликда ҳал этишда янги истиқболларни очиб берди.

Адилбай Оразов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси