Халқаро дайжест
Хитой ёз ойларида оптик толали дронларни ишлаб чиқариш учун зарур бўлган асосий компонентлар экспортини кескин ошириб, Россияга сезиларли ёрдам кўрсатди. Бу ҳақда статистик маълумотларга таяниб, Washington Post хабар берди. Маълум қилинишича, бу ёрдам Украина мудофаасини фронт чизиғида бостиришга имкон берган. Гап оптик толали кабеллар ва литий-ион батареялар экспорти ҳақида кетмоқда. Россия ва Хитой ишлаб чиқарувчилари ўртасидаги яқин ҳамкорлик Москвага урушда муҳим устунлик бермоқда.
Россияда бўлиб турган 770 минг нафар ноқонуний мигрант мамлакатни тарк этмаса, мажбурий депортация қилинади. Бу ҳақда Россия Давлат думаси раиси Вячеслав Володин хабар берди. Мамлакатда 5 февралдан бошлаб назорат остидаги шахслар реестри ишга тушган. Ушбу тизим Россия ҳудудида ноқонуний яшаётган муҳожирлар ҳақидаги маълумотларни йиғади. Саккиз ой давомида миграция қонунчилигини бузган қарийб 35 минг киши мамлакатдан чиқариб юборилган. 1 сентябрь ҳолатига кўра, реестрда 770 минг киши қайд этилган бўлиб, уларнинг учдан бир қисмини аёллар ва болалар ташкил этади.
Туркия президенти Ражаб Тоййип Эрдоған туркий давлатлар фуқароларини ишга жойлаштириш тартибини соддалаштирувчи фармонни имзолади. Ҳужжат 10 октябрь куни Resmî Gazete расмий ахборотномасида эълон қилинди. Эндиликда Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Ўзбекистон фуқаролари рухсатнома олишнинг мураккаб жараёнларидан ўтмасдан Туркияда ишлаши мумкин бўлади. Уларга давлат ва хусусий тузилмаларда тадбиркорлик ҳамда касбий фаолият билан шуғулланишга рухсат берилди. Армия ва хавфсизлик идораларида хизмат қилиш бундан мустасно.
Исроил томонидан тинчлик келишуви бўйича озод этилган 154 нафар фаластинлик маҳбус сургунга юборилди. Бу ҳақда Al Jazeera хабар берди. Маҳбусларнинг оила аъзолари яқинлари учинчи давлатларга сургун қилинишидан норози. ҲАМАС 13 октябрь куни 20 нафар исроиллик гаровдагиларни Исроилга топширган. Яҳудий давлати эса 154 нафар маҳбусни сургунга мажбурламоқда.
Microsoft корпорацияси 14 октябрдан бошлаб Windows 10 операцион тизимини қўллаб-қувватлашни расман якунлади. Эндиликда Windows 10 фойдаланувчилари тизим учун хавфсизлик, дастурий таъминот янгиланишлари ва техник ёрдам ололмайди. Шу боис компания Windows 11 версиясига ўтишни тавсия қилмоқда. Агар қурилма Windows 11 нинг техник талабларига жавоб бермаса, Microsoft қўшимча тўлов эвазига Windows 10 учун кенгайтирилган хавфсизлик янгиланишлари (ESU) дастурини тақдим этади.
Ирода Жўраева, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА