Саёҳатларнинг меҳнат самарадорлигида аҳамияти юксак

111

Энергетика соҳаси ходимлари ва соҳа фахрийлари учун маданий-маърифий саёҳатлар ташкил этилди.

Хусусан, «Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти Қорақалпоғистон ҳудудий филиали ва касаба уюшмалари қўмитаси томонидан 30 нафардан ортиқ ходим Тахтакўпир туманида жойлашган «Қоратеран» туристик марказига саёҳат учун юборилди.

Улар янги очилган мажмуанинг ташкил этилиш тарихи, сайёҳлар учун яратилган шароитлар билан танишди. Айниқса, сўнгги вақтларда туристик зона сифатида юртимизда ички туризмни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этиб келаётган Қоратеран кўли сайёҳларда катта таассурот қолдирди. Қарийб 18 километр узунликка эга бўлган ушбу кўл ҳудуддаги энг чуқур сув ҳавзаларидан ҳисобланиб, ўзининг бетакрор табиатига эга. Унинг ёнида жойлашган Бўрчитов ҳам бу ерга келган ҳар бир инсонни ўзига тортади.

Муҳими, саёҳат электр тармоқлари ходимларига унутилмас лаҳзаларни тақдим этади. Бундай имконият уларнинг касбига бўлган меҳри ва шижоатини янада оширади.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги