ЕХҲТ Орол бўйига уюштирилган кузги экспедицияни қўллаб-қувватлади

96

ЕХҲТнинг “Барқарор ривожланиш тажрибаси ва иқлим ўзгаришига қарши курашиш бўйича чора-тадбирларни илгари суриш орқали экологик ҳавфсизликни мустаҳкамлашга кўмаклашиш” лойиҳаси доирасида Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманида жойлашган Судочье кўлига кузги илмий-амалий экспедиция уюштирилди.

Экспедиция ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори кўмагида Оролни қутқариш халқаро жамғармаси Орол денгизи ҳавзаси лойиҳаларини амалга ошириш агентлиги ҳамкорлигида ташкил этилди.

Тадбирда Ўзбекистон Фанлар академияси, Қорақалпоқ давлат университети, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ва бошқа мутассади ташкилотлар етакчи олим ва экспертлари иштирок этди. Дала ишлари сув сатҳи ва шўрланиш даражасини кузатиш, ўсимликлар ҳолатини тавсифлаш, GPS-картограммасини тузиш, биохилма-хиллик ҳақида маълумот йиғиш ва дастлабки таҳлилни ўз ичига олди. Мутахассислар амалиёт давомида замонавий мониторинг усуллари, жумладан биоиндикация – тирик организмлар реакцияси асосида атроф-муҳит ҳолатини баҳолашнинг самарали воситасидан ҳам фойдаланишди.

– Судочье сув-ботқоқ экотизим мониторинги нафақат илмий, балки стратегик аҳамиятга ҳам эга. Экспедиция натижаси иқлим ўзгариши ва антропоген омиллар таъсирида юзага келган ўзгаришни баҳолаш учун асос бўлиб хизмат қилади ва биохилма-хилликни сақлаш ҳамда Орол бўйидаги деградацияга учраган майдонларни тиклаш бўйича таклиф, тавсияларни шакллантириш имконини беради, – дея таъкидлайди экспедицияга қўшилган ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори, элчи Антти Карттунен. Лойиҳа менежери, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси Орол денгизи ҳавзаси лойиҳаларини амалга ошириш агентлиги ходими Аброржон Каримов сўзларига кўра, Судочьени мониторинг қилиш шунчаки маълумот йиғиш эмас, балки ҳудуд барқарорлигига ҳисса қўшишдир. Оддий кўз билан кўришнинг иложи бўлмаган ўзгаришларни қайд этиш хулосаларни аниқ ечимлар учун асосга айлантириш имконини беради. ЕХҲТ кўмаги туфайли экспедиция юқори савияда ташкил этилиб, барча хавфсизлик меъёрларига тўлиқ риоя қилинди.

ЕХҲТ 2016 йилдан буён Орол бўйи ҳудуди биохилма-хиллигини мониторинг қилишда халқаро жамғармага кўмаклашиб келади. Мазкур экспедиция Марказий Осиёда табиий ресурсларни барқарор бошқариш ва экологик барқарорликни ривожлантириш бўйича йирик ташаббуснинг бир қисми ҳисобланади. ЕХҲТ Ўзбекистонга нафақат Париж келишуви ва Биологик хилма-хиллик тўғрисидаги конвенция доирасидаги халқаро мажбуриятни бажариш мақсадида, балки экологик бошқарувга замонавий ёндашувларни жорий этиш учун ҳам  кўмаклашади.

ЎзА