Миллий мусиқа таълимида янги босқич

78

Ўзбекистон давлат консерваторияси Нукус филиалида «Академик қўшиқ ижрочилиги» номли ўқув қўлланмасининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Тақдимотда иштирок этган профессор-ўқитувчилар, вокал санъати соҳаси мутахассислари филиалнинг «Умумий касбий ва ижтимоий-гуманитар фанлар» кафедраси катта ўқитувчиси, «Ватан фидойиси» кўкрак нишони соҳибаси Бағдагул Жақсимуратова муаллифлигида чоп этилган ушбу қўлланма вокал асарларининг тарихи, ижро услублари, вокал ижро техникасига оид маълумотлар, мусиқий асарлар, машқлар, вокализлар, ариялар, халқ қўшиқлари ва бошқа масалалар ёритилгани билан аҳамиятли эканини таъкидлади.

Қўлланма вокал санъати академик қўшиқчилик мутахассислиги талабалари учун мўлжалланган бўлиб, тегишли йўналишнинг ўқув дастури асосида тузилган. Бунда вокал санъати учун ёзилган асарларни назарий ва амалий жиҳатдан ўзлаштиришга асосий эътибор қаратилади.

– Юртимизда вокал мусиқа санъати ривожланган бугунги даврда ушбу қўлланма талабаларимизнинг эстетик ва бадиий дидини тарбиялашга катта ёрдам беради, – дейди филиал директори Р.Алланбаев. – Ҳамкасбларимизни янги китобнинг нашр этилиши билан самимий табриклаб, Б.Жаксимуратованинг келгуси ижодий ишларига муваффақиятлар тилаймиз.

Китоб тақдимоти Вокал санъати: академик қўшиқчилик мутахассислигининг иқтидорли талаба-ёшлари ижросидаги жонли концерт дастури билан давом этди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги