Нур сочган авлодлар тақдирланди

Нукус шаҳридаги файзли масканлардан бирида халқ хўжалигининг турли соҳаларида самарали меҳнат қилган нуронийлар билан учрашув ўтказилди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбаев, Ўзбекистон Нуронийлар жамғармаси бошқарма бошлиғи С.Турдиев иштирок этди.
Таъкидланганидек, юртимизни янада ривожлантириш, халқимизнинг фаровон ҳаётини таъминлаш, кўп миллатли халқимизнинг ҳамжиҳатлигини сақлаш, ёшларимизни она-Ватанга садоқат руҳида тарбиялашда фидокорона хизмат қилаётган нуронийларнинг меҳнатлари салмоқли ҳисобланади.
Ўтказилган тадбирда соҳа фахрийлари, нуронийларнинг шундай эзгу хизматлари алоҳида тилга олинди.
Шунингдек, халқ хўжалигининг турли соҳаларида самарали меҳнат қилган бир гуруҳ нуронийларга Президентимизнинг махсус қарори билан ташкил этилган «Меҳнат фахрийси» кўкрак нишони, Жўқорғи Кенгес Президиумининг қарори билан «Ардоқли нуроний,» «Ибратли аёл» ва «Ватан фидойиси» кўкрак нишонлари топширилди.

Тадбир санъат ва маданият ходимлари ижросидаги концерт дастури билан давом этди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги