Эмиль Гариев: Креатив фикрлашни ривожлантирмасдан туриб, рақобатбардошликка эришиб бўлмайди

89

Москва шаҳрида бўлиб ўтган Жаҳон атом ҳафталиги доирасида “Global HackAtom” чемпионати ташкил этилди.

Унда Тошкентдаги “ММФИ” Миллий тадқиқот ядро университетининг филиали талабалари иштирок этди.

ЎзА мухбирининг мазкур филиал талабаси Эмиль Гариев билан суҳбати шу ҳақда бўлди.

–Мен филиалнинг “Ядро физикаси ва технологиялари” йўналиши 3-курс талабасиман, – деди у. – Аввало, ушбу чемпионатда қатнашишимиз ҳар жиҳатдан фойдали бўлди.

Мусобақа ҳақида тўхталиб ўтсам, у “Росатом” давлат корпорацияси томонидан ташкил этилди. Унда дунёнинг ўнта мамлакати, жумладан, Ўзбекистондан ҳам 50 нафардан ортиқ ёшлар иштирок этди. Иштирокчилардан 2100 йилгача бўлган даврда атом технологиялари ёрдамида космосни ўзлаштириш бўйича лойиҳа тақдим этиш талаб қилинди.

Биз жамоамиз билан кенг қамровли лойиҳа устида ишлаб, “Космик Ипак йўли” концепциясини илгари сурдик. Лойиҳа ядро технологияларини ривожлантириш орқали яқин 75 йил ичида Ой ва Марсни колониялаштириш имкониятини назарда тутади. Унда ядро технологиялари нафақат энергия ишлаб чиқаришда, балки уруғларни радиация орқали ишлов бериш жараёнида ҳам қўлланилади. Бу эса ўсимликларнинг Ой ёки Марс тупроғига мослашишига ёрдам беради. Яъни, ядро технологиялари ёрдамида уруғларда бошқарилувчи мутациялар юзага келтирилиб, космик муҳитга мослашувчанлик оширилади.

– Финал натижалари сиз кутгандек бўлдими?

– Ростини айтсам, биз учун ғалабадан кўра тажриба тўплаш имконияти муҳимроқ эди. Бу каби йирик халқаро мусобақада қатнашиш, турли мамлакатлардан келган, миллий саралаш босқичидан муваффақиятли ўтган жамоалар билан имкониятларимизни солиштириш жуда қизиқарли бўлди.

Шу орқали нафақат ўзимизнинг, балки бошқа иштирокчиларнинг ҳам тайёргарлик даражасини баҳолаб, қайси соҳаларда устунликка эга эканимизни ёки қайси томонларимизни янада ривожлантириш кераклигини аниқлаб олдик.

Бундай нуфузли тадбирда мамлакат номидан иштирок этиш жуда катта масъулият. Айниқса, фан соҳаси бўйича ўтказилган ва Россия атом саноатининг 80 йиллигига бағишланган мусобақада қатнашиш шундай ҳиссиётни янада кучайтиради. Тақдимот жараёнида курсдошларимизнинг қўллаб-қувватлаши бизга куч ва ишонч бағишлади.

– Бу каби нуфузли халқаро танловларда рақобатбардош бўлиш учун талабаларимиз қандай кўникмаларни ривожлантириши керак, деб ҳисоблайсиз?

– Биринчидан, мактаб ўқувчилари ва талабаларда мусобақалашиш истагини шакллантириш зарур. Бу йўналишни тизимли равишда ривожлантириш керак. Бизнинг олий таълим муассасаларида етарлича иқтидорли ёшлар бор ва улар шундай халқаро ареналарда ўз салоҳиятини намоён этиш имкониятига эга.

Иккинчидан, креатив фикрлашни ривожлантириш муҳим. Афсуски, техник йўналишдаги кўплаб олийгоҳларда ижодий тафаккурни шакллантиришга йўналтирилган фанлар етарли эмас. Европа мамлакатларида бу масалага катта эътибор берилади, уларда талабаларнинг креативлик қобилиятини ривожлантиришга алоҳида аҳамият қаратилган. Қайси ёндашув самаралироқ эканини аниқ айтиш қийин, аммо мазкур мусобақада бизга айнан креатив фикрлаш етишмаганини англадик.

–Чемпионатда иштирок этиш танлаган касбингиз ҳақидаги қарашларингизга қандай таъсир кўрсатди?

– Бу иштирок менга жуда кўп турли маълумотлар берди. Ҳар қандай янги маълумот, албатта, инсоннинг дунёқарашига таъсир қилади. Масалан, чиқишимиз арафасида “Росатом” фазо кемалари учун плазмали двигателлар синовидан муваффақиятли ўтгани ҳақидаги янгиликни эшитдик. Бу хабар фазони ўзлаштириш даври яқинлашганини кўрсатди.

Қисқаси, космосни тадқиқ этиш имкониятлари ортиб бормоқда. Шу сабабли, ядро физикасидан ташқари, космос соҳасига ҳам чуқурроқ кириб бориш истаги пайдо бўлди. Янгиланиб бораётган маълумотлар натижасида шундай кучли мотивация пайдо бўляптики, у инсонни янада изланишга ундамоқда.

Насиба Зиёдуллаева,

ЎзА