Тоза сув – ҳар бир хонадонда: Нукусда муҳим лойиҳа амалга оширилмоқда

Нукус сув тозалаш иншоотининг реконструкциядан кейинги қайта фойдаланишга топширилиши муносабати билан очилиш маросими ўтказилди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев ва «Ўзсувтаъминот» жамияти бошқаруви раиси Аҳмад Суванкулов йиғилганларни реконструкциядан чиққан янги объектнинг фойдаланишга топширилиши билан табриклаб, сўнгги йилларда ҳурматли Президентимиз раҳбарлигида юртимизда, шу жумладан Қорақалпоғистонда юз бераётган йирик ўзгариш ва янгиланишларни катта мамнуният билан таъкидлади.
Шуни таъкидлашимиз керак, илгари «Нукус сув тозалаш» объектининг умумий қуввати бўйича суткасига 60 минг куб метр сув етказиб бериладиган бўлса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг махсус қарори асосида, бу объектга 86,6 млрд. сўмлик реконструкция ишлари олиб борилиб, сув етказиб бериш кўрсаткичи 90 минг куб метрга етказилди. «Нукус сув тозалаш» объекти эндиликда 279 минг аҳолига эмас, 340 мингдан ортиқ аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлайди.
Бундан ташқари, Нукус шаҳри, Тахиатош ва Хўжайли туманларида Жаҳон банкининг 78 млн. долларлик маблағлари ҳисобидан 286 километр канализация тармоқлари ва объектларида қурилиш ишлари бошланмоқда. Шунингдек, Амударё, Беруний, Қораўзак, Қўнғирот, Мўйноқ ва Нукус туманларида Осиё тараққиёт банкининг 145 млн. долларлик маблағлари ҳисобидан ичимлик сув таъминотини яхшилаш ишлари давом эттирилмоқда.
Ўтказилган тантанали тадбирда «Ўзсувтаъминот» жамияти томонидан сув тозалаш иншооти ва оқова сув тармоқлари корхоналарига махсус автотранспорт воситалари топширилди.

Сўнгра тадбир иштирокчилари объектда амалга оширилган ишлар билан яқиндан танишди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги