Намунали қизлар – жамиятимиз кўрки

85

Тахтакўпир тумани Маданият марказида 11 октябрь – «Халқаро қизлар куни» муносабати билан кенг кўламли байрам тадбири бўлиб ўтди.

Унда туман ҳокимининг ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Г.Сейтназарова, туманда жойлашган муассаса ва ташкилотлар вакиллари, таълим муассасалари ўқувчилари, фаол қизлар ва уларнинг оналари иштирок этди.

Байрам тадбирида сўзга чиққанлар қизларнинг жамиятдаги ўрни, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллаши учун мамлакатимизда Президентимиз раҳбарлигида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ҳақида сўзлаб берди.

Ўтказилган тадбир давомида таълим, санъат, спорт ва жамоат ишларида фаол иштирок этиб, намунали хулқи билан ўрнак бўлиб келаётган қизлар ва уларнинг оналари туман ҳокимлигининг Фахрий ёрлиқлари ва Ташаккурномалар билан тақдирланди.

Тадбир маданият бўлими томонидан тайёрланган концерт дастури билан кўтаринки руҳда давом этди.

Адилбай Оразов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси