Хорижда меҳнат қилаётган фуқароларимизга ҳам ипотека субсидияси ажратилади (+видео)

100

Ўзбекистонда аҳолининг уй-жой шароитини яхшилаш мақсадида давлат томонидан амалга оширилаётган ижтимоий дастурлар орасида ипотека кредити асосида субсидия ажратиш тизими муҳим аҳамият касб этмоқда.

Энг муҳими, бу йилдан бошлаб хорижда меҳнат қилаётган фуқаролар — мигрантлар ҳам ушбу имкониятдан фойдаланиш имконияти яратилди. 

Шу йил жорий этилаётган янгиликлар ва уларнинг амалдаги натижалари ҳақида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Ипотека ва субсидия дастурларини мувофиқлаштириш бўлими етакчи мутахассиси Шаҳбоз Зокиров билан суҳбатлашдик.

Даставвал субсидия тўғрисида қисқача маълумот бериб ўтамиз. Субсидия — бу даромади юқори бўлмаган фуқароларга уй-жой сотиб олишда ёрдам бериш мақсадида давлат томонидан ажратиладиган қайтарилмайдиган молиявий ёрдам. Бу ёрдам орқали фуқароларга уйнинг 30 миллион сўмгача бошланғич бадали ва ипотека кредити бўйича дастлабки 5 йилдаги фоиз ставкасининг 12 фоиздан ортиқ қисми давлат томонидан қоплаб берилади. 2025 йил учун давлат бюджетидан шу мақсадда 2,5 триллион сўм маблағ ажратилган.

— Кимлар субсидия олиш ҳуқуқига эга?

— Биринчи навбатда ёш оилалар, кўп болали оилалар, ногиронлиги бўлган шахслар, кам таъминланган фуқаролар ва ижтимоий ҳимояга муҳтож шахслар субсидия олиш ҳуқуқига эга. Шунингдек, “labor-migration” дастурида рўйхатдан ўтган меҳнат мигрантлари ҳам бу имтиёздан фойдаланиш ҳуқуқига эга ҳисобланади.

— Мигрантларга ҳам субсидия ажратилиши белгиланди. Бу тизим қандай ишлайди?

— Ҳа, бу йилги энг муҳим янгиликлардан бири айнан шу. Илгари хорижда ишлаётган фуқаролар ипотека кредитини олишда “Ўзбекистонда расмий даромади йўқ” деган сабаб билан рад жавобини олишган. Эндиликда эса уларнинг хориждан юборган пул ўтказмалари расмий даромад сифатида қабул қилинади.

Меҳнат мигрантлари “labor-migration” электрон платформаси орқали рўйхатдан ўтган бўлиши керак. Улар аризани оила аъзолари ёки вакил орқали ишончнома асосида ҳам топшириши мумкин.

Аризалар балл тизими асосида баҳоланади — даромад, оилавий аҳвол, уй-жой шароити ва ижтимоий мезонлар ҳисобга олинади. 30 балл ва ундан юқори натижа тўплаган фуқаролар субсидия олиш ажратилади.

— Жорий йилда неча нафар фуқаро субсидия хабарномасини олди?

— Шу йил 30 минг нафар фуқарога ипотека субсидияси бўйича хабарнома берилди. Шунинг 15 минг 114 нафарига субсидия маблағлари тўлаб берилди.

2020–2025 йиллар мобайнида эса жами 84 минг 419 нафар фуқарога давлат томонидан фоиз харажатларининг бир қисми қоплаб берилган.

1 октябрь ҳолатига кўра, жорий йилда 1,5 триллион сўмдан ортиқ маблағ тўлаб берилган ва йил охирига қадар молиялаштириш давом этади.

— Аризалар қай тартибда қабул қилинади ва жараён шаффофлиги қандай таъминланади?

— Бугунги кунда барча аризалар my.gov.uz орқали электрон шаклда қабул қилинади. Бу тизим тўлиқ автоматлаштирилган бўлиб, ариза берувчи ўз мурожаатининг ҳолатини онлайн кузатиб бориши мумкин.

Аризалар 7 та масъул идора маълумот базалари билан электрон солиштирилади. Қарорлар электрон тарзда қабул қилиниб, фуқароларга QR-кодли хабарнома юборилади. Бу инсон омилини минималлаштириб, коррупциянинг олдини оладиган муҳим қадам.

— Айрим фуқаролар субсидия олишдан четда қолмоқда. Бунинг сабаби нима?

— Асосий сабаблардан бири ҳужжатларнинг тўлиқ тақдим этилмагани ёки маълумотларда хатоликлар бўлиши. Шунингдек, фуқаро илгари давлат ёрдамида уй олган бўлса ёки қарз юки юқори бўлса, аризаси рад этилади.

Шунингдек, ҳар бир ҳудуд учун белгиланган квота тугаган ҳолатларда ҳам аризалар кейинги навбатга қолдирилади. Бироқ фуқаролар кейинчалик яна ариза топшириш ҳуқуқига эга.

— Бу дастур уй-жой бозорига қандай таъсир кўрсатмоқда?

— Субсидия тизими қурилиш соҳасини фаоллаштирди. Масалан, 2024 йилда 100 мингта квартира қурилган бўлса, 2025 йилда бу кўрсаткич 135 мингтага етди.

Қурилиш компаниялари ўртасида рақобат кучайди, бу сифатни оширишга хизмат қилмоқда. Банклар ҳам ипотека шартларини фуқаролар учун янада қулай қилиш бўйича рақобатга киришди.

Бу дастур нафақат уй-жой соҳасини, балки иқтисодиётнинг умумий фаоллигини ҳам оширмоқда.

—Бу дастурнинг аҳамиятини қандай баҳолайсиз?

— Ипотека субсидияси — бу нафақат молиявий ёрдам, балки ҳар бир оиланинг уй-жойга эга бўлиш орзусини амалга оширишдаги муҳим қадам деб биламан. Энди бу имкониятдан хорижда меҳнат қилаётган фуқаролар ҳам фойдаланиши мумкин. Бу уларнинг уй-жойга эга бўлишига имкон яратади. Қолаверса, буни уларнинг мамлакат иқтисодиётига қўшаётган ҳиссасини рағбатлантириш, деб ҳисоблайман.

Шаҳноза Маматуропова,

Дониёр Якубов (видео), ЎзА мухбирлари