Гиёҳвандлик айблови: Туркияда машҳурлар экспертизага чақирилди
Туркияда 19 нафар таниқли санъаткор ва оммавий ахборот воситаси вакилига қарши гиёҳванд моддалардан фойдаланиш билан боғлиқ айблов қўйилиб, тергов олиб борилмоқда. Истанбул бош прокуратураси раҳбарлигида бошланган жараёнда бир неча машҳур қўшиқчи, актёр, телебошловчи ва ижтимоий тармоқ юлдузлари сўроқ ва қон таҳлилидан ўтиш учун жалб қилинди.
Маҳаллий ОАВ хабарига кўра, уларнинг кўпчилиги тиббий текширувдан сўнг ҳибсга олинмасдан, озод этилади. Сабаби, терговнинг ҳозирги босқичи фақат маълумот йиғишни назарда тутади.

Мамлакат қонунчилигига кўра, гиёҳвандлик воситаларидан шахсий эҳтиёж учун фойдаланган, яъни истеъмол қилган фуқаролар жазога тортилмайди, балки даволаниш ёки реабилитацияга йўналтирилади ёхуд тузалиш учун синов муддати белгиланади.
Мазкур амалиёт санъат соҳаси вакилларига нисбатан босим ортиб бораётган пайтга тўғри келди. Масалан, машҳур поп хонанда Мабел Матиз қўшиғидаги сўзлар “ахлоқий меъёрни бузади” деб топилиб, унга нисбатан уч йилгача озодликдан маҳрум этиш талаби билан иш очилган.

Шунингдек, «Манифест» номли қизлар гуруҳи ҳам “одобга зид ҳаракатлар”и учун судга тортилган.
Туркия ҳукумати сўнгги йилларда гиёҳвандлик ва ноқонуний савдо-сотиқ билан боғлиқ фаолиятга қарши кураш кучайтирилганини эълон қилган. Масалан, жорий йил апрель ойида Анқарада ўтказилган кенг кўламли махсус амалиёт доирасида 525 нафар гумонланувчи қўлга олинган эди. Бу мамлакат тарихидаги энг йирик наркотик рейд сифатида эътироф этилган.
Мусулмон Зиё, ЎзА