Карантин хизмати: маҳсулотларнинг фитосанитар хавфсизлигини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга

112

Қорақалпоғистон Республикаси Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги томонидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспортга тайёрлаш ва уларни халқаро фитосанитар талаблар асосида назоратдан ўтказиш ҳамда экспортчилар учун яратилаётган шароитлар ҳақида кенг жамоатчиликни хабардор қилиш мақсадида пресс-тур ташкил этилди.

Пресс-турда оммавий ахборот воситалари вакилларига соҳа мутахассислари томонидан карантин остидаги маҳсулотларни фитосанитар кўригидан ўтказиш жараёнлари, лаборатория текширув ишлари ва сертификатлаш тартиблари амалий тарзда кўрсатилди.

Таъкидланганидек, мазкур тадбир мамлакатимизда аграр соҳанинг ташқи савдо фаолиятида амалга оширилаётган ислоҳотлар, айниқса, фитосанитар хавфсизликни таъминлаш, маҳсулотлар сифатини ошириш ва экспорт салоҳиятини мустаҳкамлашга қаратилган ишлар тўғрисидаги очиқ маълумотларни кенг жамоатчиликка етказишда муҳим аҳамиятга эга.

Шунингдек, иштирокчилар «E-Fito» электрон тизими орқали фитосанитар хизматларни кўрсатиш жараёни билан ҳам яқиндан танишди. Ушбу тизим орқали маҳсулотларни электрон тарзда рўйхатдан ўтказиш, сертификатлаш ва экспорт учун рухсат бериш жараёнлари тўлиқ рақамлаштирилган бўлиб, бу хизмат кўрсатишда тезкорлик ва шаффофликни таъминлайди.

Пресс-тур иштирокчилари дастлаб Нукус шаҳридаги ташқи иқтисодий фаолият божхона постида бўлиб, республикамизга импорт қилинаётган ва экспортга чиқарилаётган карантин остидаги маҳсулотларни назоратдан ўтказиш жараёнлари билан танишди. Божхона ҳудудида фитосанитар инспекторлар томонидан намуналар олиниши, махсус ускуналар ёрдамида тезкор мониторинг ўтказилиши ва тегишли хулосаларни расмийлаштириш жараёнлари амалий тарзда намойиш этилди.

– Божхона постида карантин хизмати мутахассислари асосан хориждан келган карантин остидаги маҳсулотларни назоратдан ўтказиб, сертификатлар тайёрлайди, – дейди ташқи иқтисодий фаолият божхона пости инспектори Р.Ҳамидуллаев. – Ҳозир кўриб турганингиздек, мутахассислар тадбиркорлар томонидан Россиядан олиб келинган ёғоч маҳсулотларини текширувдан ўтказди. Агар зараркунандалар аниқланса, маҳсулотлар дориланиб зарарсизлантирилади.

Шундан сўнг оммавий ахборот воситалари ходимлари «Нукус шаҳар савдо мажмуаси» ва «Хўжайли туманидаги Хўжайли агрологистика маркази»да бўлиб, экспортга йўналтирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш шароитлари билан танишди. Бу ерда маҳсулотлардан намуналар олиниб, агентликнинг кўчма лабораториясида фитосанитар текширувлар ўтказилди.

Тадбир давомида мутахассислар томонидан фитосанитар хавфсизликни таъминлаш, экспорт маҳсулотларини халқаро талабларга мувофиқ назоратдан ўтказиш, карантин объектлари тарқалишининг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумотлар берилди. Шунингдек, иштирокчилар агентлик тизимидаги илғор технологиялар, рақамлаштириш орқали хизмат кўрсатиш имкониятлари билан ҳам танишди.

Маълумот учун, жорий йил бошидан Қорақалпоғистон Республикаси Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги томонидан 1691 халқаро ва 5563 ички фитосанитар сертификат расмийлаштирилган. Қорақалпоғистон Республикасидан жами 44,4 минг тонна қишлоқ хўжалиги ва мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилинди. Асосий экспорт йўналишларини Россия Федерацияси, Афғонистон, Италия, Туркия, Хитой ва Корея Республикаси ташкил этади.

Экспорт таркибининг катта қисмини қизилмия илдизи, ун маҳсулотлари, дуккакли ва мойли ўсимликлар, шунингдек, мева-сабзавот маҳсулотлари ташкил этади. Ушбу маҳсулотлар халқаро бозорда юқори талабга эга бўлиб, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг рақобатбардошлигини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Тадбирда иштирокчилар экспортчи корхоналар фаолияти билан таништирилиб, уларга фитосанитар хавфсизликни таъминлашда ахборот тизимларининг аҳамияти, айниқса «E-Fito», «Agroko’makchi» ва «Дала назорати» каби платформаларнинг имкониятлари ҳақида ҳам атрофлича маълумотлар берилди.

Иштирокчилар мутахассислардан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

А.Жийемуратов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги