Стратегик ҳамкорликнинг янги босқичи

103

Муносабат

Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг АҚШга расмий ташрифи мамлакатимиз ташқи сиёсати ва иқтисодий ислоҳотлари йўлида муҳим қадам сифатида тарихда қолиши шубҳасиз. Шу билан бирга нафақат икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлади, балки Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузини ошириш, иқтисодий барқарорлик ва стратегик мақсадларга эришиш йўлида янги имкониятлар очди.

Ташриф доирасида АҚШнинг йирик молия институтлари ва корпорациялари билан қатор шартномалар имзоланди. Ушбу келишувлар мамлакатимизга миллиардлаб долларлик инвестицияларни жалб қилишга замин яратади. Жумладан, энергетика, транспорт, қишлоқ хўжалиги, рақамли иқтисодиёт ва саноат соҳаларида йирик лойиҳалар амалга оширилиши режалаштирилган. Бу, ўз навбатида, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, янги иш ўринлари яратиш ва экспорт салоҳиятини кенгайтиришга хизмат қилади.

Замонавий технологияларни Ўзбекистонга жалб этиш ташрифнинг асосий йўналишларидан бири бўлди. АҚШнинг инновацион компаниялари билан ҳамкорлик маҳаллий ишлаб чиқаришни модернизациялаш, юқори қўшимча қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш имконини бериши кутилмоқда. Бу «Ўзбекистон – 2030» стратегиясида белгиланган мақсадларга тўлиқ мос келади.

Президентимиз учрашувлар давомида таълим ва инсон капитали масаласига алоҳида эътибор қаратиб, АҚШнинг нуфузли университетлари, илмий марказлари билан ҳамкорлик дастурлари ишлаб чиқилди. Унга кўра, ёшларимизни замонавий билим ва кўникмаларга эга мутахассис сифатида тайёрлаш, илмий изланишлар, тажриба алмашишни кучайтириш кўзда тутилмоқда.

АҚШ билан ҳамкорликда қайта тикланувчи энергия манбаларидан самарали фойдаланишга қаратилган лойиҳалар амалга оширилиши белгиланди. Қуёш ва шамол энергияси соҳасидаги ташаббуслар нафақат энергетик мустақилликни таъминлаш, балки экология ва барқарор ривожланиш учун ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Президент Ш.Мирзиёевнинг АҚШга ташрифи Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги янги имижини яққол намоён этди. Имзоланган келишувлар ва белгиланган ташаббуслар мамлакатимизнинг иқтисодий ўсиши, инвестиция муҳитини яхшилаш, янги технологияларни жалб қилиш ва инсон капиталини ривожлантиришда ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

Ушбу ташриф нафақат икки мамлакат муносабатларини янги босқичга олиб чиққани, балки Ўзбекистоннинг келгуси йиллардаги асосий макроиқтисодий кўрсаткичларини таъминлаш, халқимиз турмуш даражасини ошириш ва «Ўзбекистон – 2030» стратегиясида белгиланган мақсадларга эришиш йўлида катта қадам бўлиб хизмат қилиши аниқ.

Руслан Жумамуратов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги