Тарих гувоҳ, миллат унутмайди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 19 июлдаги «Сиёсий қатағон қурбони бўлган ватандошларимиз ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш, тарғиб қилиш ва уларнинг хотирасини абадийлаштириш борасидаги ишларни кенгайтириш тўғрисида»ги ПҚ-270-сонли қарорида, ҳар йили октябрь ойининг биринчи ўн кунлиги мамлакатимизда «Сиёсий қатағон қурбонларини ёд этиш» ҳафталиги этиб белгилаш кўрсатилган эди.
Шу муносабат билан 2-10 октябрь кунлари Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети ташаббуси билан Қатағон қурбонлари хотираси музейида ҳафталик доирасида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Тадбирда университетнинг ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори С.Алаўатдинов, Республика Маънавият ва маърифат маркази Қорақалпоғистон Республикаси бўлими бошлиғи Т.Атамуратов, «Нуроний» жамғармаси Қорақалпоғистон Республикаси бўлими бошлиғи Т.Абдиджаббаров, шунингдек, университетнинг фаол талаба-ёшлари ва музей ходимлари иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққанлар мамлакатимизда қатағон йилларида бутун ҳаётини халқ, Ватан ва адолат йўлида фидо қилган минглаб юртдошларимизнинг хотираси эъзозланиб, уларнинг номлари абадийлаштирилаётгани ҳақида сўзлаб берди. Шунингдек, ёшлар қалбида миллий ғурур, тарихий хотира ва Ватанга садоқат туйғусини кучайтиришда маънавий-маърифий тадбирларнинг мунтазам ўтказилиши муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
Ўтказилган тадбир давомида музей ходимлари томонидан сиёсий қатағон даврига оид тарихий ҳужжатлар, фотосуратлар, архив материаллари ва экспонатлар асосида батафсил маълумотлар берилди.

Талабалар ўтмишдаги қайғули воқеалар билан яқиндан танишиб, улардан ўзлари учун катта маънавий сабоқ олди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги