“Умра”ни лицензиясиз ташкил этган фирма жаримага тортилди

75

Дин ишлари бўйича қўмита томонидан юртимизда “Умра” тадбирларини ташкил этиш соҳасидаги фаолият қонунийлиги бўйича мунтазам мониторинг ва текширувлар амалга ошириб келинмоқда. Бу ишлар фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек, диний туризм соҳасида тартиб-интизомни таъминлашга қаратилган.

Шу доирада ўтказилган навбатдаги текширув натижасида Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманида жойлашган “HAMKOR ATMOSPHERIC TRAVEL» МЧЖнинг тегишли лицензиясиз “Умра” тадбирини ташкил этгани аниқланди.

Мазкур ҳолат бўйича қонунчилик талабларига мувофиқ компанияга маъмурий жарима қўлланилди.

Амалдаги тартибга кўра, “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш фаолияти учун лицензия олиш талабини бузган юридик шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 баравари — 82,4 миллион сўм миқдорида жарима белгиланган.

Ҳамроз Баянов, ЎзА