Қорақалпоғистондаги қайси туманларга янги мақом берилди?

138

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Айрим туман (шаҳар) ва маҳаллаларни аҳоли яшаши ва тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши учун намунавий ҳудудга айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, 33 шаҳар ва туманларга, шу жумладан, республикамизнинг Қўнғирот ва Чимбой туманларига «Янги Ўзбекистон» қиёфасидаги туман (шаҳар) » мақоми берилиб, ушбу туманлар аҳолининг яшаши ва тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши учун намунавий ҳудудларга айлантирилади.

Президент қарори асосида, бу ҳудудларнинг 14 тасига 30 млрд сўмдан, 18 тасига 100 млрд сўмдан ва Норин тумани Шўрариқ маҳалласига 10 млрд сўм маблағ ажратилади.

«Янги Ўзбекистон қиёфасидаги туман (шаҳар)» лойиҳаси доирасида ҳар йили, жумладан, камида 50 миллион АҚШ доллари эквивалентидаги инвестицияларни жалб этган ҳолда озиқ-овқат, мебелсозлик, қурилиш материаллари, тикувчилик ва бошқа ихтисослашган йўналишларда камида 10 дан ортиқ йирик инвестиция лойиҳалари ишга туширилади. Илгари ўз маҳсулоти билан ташқи бозорларга чиқмаган камида 3-5 та корхона экспорт фаолиятига жалб қилиниб, хорижий давлатлардан технолог, маркетолог, бренд-менежер каби мутахассисларни жалб қилган ҳолда камида 1 та корхонада миллий бренд маҳсулотларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.

Шунингдек, ушбу ҳудудларнинг ҳар биридан 10 нафардан тадбиркор хорижий давлатларда ўтказиладиган ихтисослаштирилган саноат кўргазмаларига тажриба алмашиш учун юборилади.

«Яшил» ва энергия самарадор ҳудудларни ривожлантириш доирасида эса, 2026 йил 1 январдан бошлаб барча давлат органлари ва ижтимоий соҳа муассасалари бинолари фақат энергия самарадорлиги тамойиллари асосида қурилади ва модернизация қилинади.

2027 йил 1 январга қадар давлат органлари, давлат иштирокидаги корхоналар ва ижтимоий соҳа муассасалари энергия самарадор ускуналар билан тўлиқ таъминланади.

2026 йил 1 мартдан бошлаб ушбу ҳудудлардан биттадан ижтимоий соҳа муассасаси биноларини «Ноль энергия сарфлайдиган бинолар» концепцияси асосида модернизация қилиш бўйича пилот лойиҳалар бошланади.

Бундан ташқари, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги қишлоқ туманларида 2 та маҳаллага «Янги Ўзбекистон қиёфасидаги маҳалла» мақомини бериб, уларга шаҳар муҳити ва яшаш шароитларини олиб кириш бўйича янгича ёндашувлар амалиётга татбиқ этилади.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги