Марказий Евроосиё киберхавфсизлик саммити бўлиб ўтди

120

Тошкент шаҳрида “Киберхавфсизлик саммити – Марказий Евроосиё, CSS 2025” III халқаро киберхавфсизлик саммити бўлиб ўтди.

Тадбирда рақамли технологиялар вазирининг биринчи ўринбосари Олег Пекос иштирок этди.

Саммит “Киберхавфсизлик маркази” томонидан “Dialogue Events” компанияси ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда 25 дан ортиқ давлатдан 40 дан зиёд маърузачи қатнашиб, киберхавфсизлик соҳасидаги долзарб масалалар, янги ечимлар, таҳдидлар ва халқаро ҳамкорлик йўналишлари юзасидан фикр алмашди.

Тадбирда АҚШ, Буюк Британия, Россия, Япония, Озарбайжон, Сингапур, Венгрия, Италия, Туркия, Грузия, Туркманистон, Тожикистон, Қозоғистон каби давлатларнинг тартибга солувчи органлари ва халқаро ташкилотлар — FIRST ва SABABA вакиллари иштирок этди.

Саммитнинг асосий мақсади минтақавий киберҳамжамият учун ўзаро тажриба алмашиш, замонавий ечимларни намойиш этиш ҳамда янги имкониятларни яратишга хизмат қилувчи юқори даражадаги интерактив платформани шакллантиришдан иборат бўлди.

Тадбир доирасида “CyberQuiz” викторинаси ҳам ташкил этилди. Унда иштирокчилар тест саволларига жавоб бериб, “Омадли ғилдирак”ни айлантириш ва эсдалик совғаларини қўлга киритиш имкониятига эга бўлдилар.

Мазкур саммит киберхавфсизлик соҳасида халқаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, янги технологик ёндашувларни жорий этиш ҳамда минтақада рақамли барқарорликни таъминлаш йўлида муҳим қадамлардан бири бўлди.

Нигора Раҳмонова,

ЎзА