Ўзбекистонда иккита муҳим лойиҳага старт берилди

134

Душанбе шаҳрида ўтаётган “Марказий Осиё – Россия” ва Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги саммитлари доирасида Ўзбекистонда атомдан тинч мақсадларда фойдаланиш бўйича йирик лойиҳаларни бошлашга бағишланган маросим бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атом энергияси агентлиги директори Азим Аҳмадхўжаев ва Россия Федерациясининг атом энергияси бўйича “Росатом” давлат корпорацияси бош директори Алексей Лихачёв ва бошқалар иштирок этди. Улар телекўприк орқали Жиззах вилояти Фориш туманида кичик қувватли атом электр станцияси биноси учун котлован қазиш ишларини бошлаб бердилар. Шунингдек, Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманида Ядро тиббиёти марказини ташкил этиш лойиҳасини ишга туширдилар.

Шу билан Жиззах вилоятидаги кичик қувватли атом электр станцияси биноси учун учун котлаван қазишга расман киришилди.

Мирзо Улуғбек туманида Ўзбекистон Республикаси Ядро тиббиёти марказини ташкил этиш лойиҳасига ҳам старт берилди. Марказ қурилишига рамзий тамал тоши қўйилди.

Тадбирда соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худоёров, С.Березин номидаги тиббиёт институти бошқарув раиси Аркадий Столпнер, соҳа мутахассислари ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Мазкур лойиҳа Ўзбекистон ва Россия Президентлари даражасида эришилган келишувларнинг мантиқий давоми бўлиб, икки давлат ҳамкорлигининг яна бир ёрқин намунаси саналиши қайд этилди.

Ядро тиббиёти маркази фақат клиника эмас, балки мамлакат тиббиётини янги босқичга олиб чиқадиган илмий, амалий ва ижтимоий аҳамиятга эга йирик ташаббусдир. У инсон ҳаётини сақлаш, касалликларни эрта аниқлаш ва миллий тиббиёт салоҳиятини оширишда ҳал қилувчи ўрин тутади.

Маълум қилинишича, лойиҳа босқичма-босқич амалга оширилади. Унга тайёргарлик жараёнида халқаро ядро тиббиётининг ҳозирги ҳолати чуқур таҳлил қилинди. Етакчи мамлакатлар тажрибаси ўрганилди ва уларнинг самарали ечимлари ўзаро таққослаб чиқилди.

Марказ С.Березин номидаги тиббиёт институти (МИБС) иштирокида инвестиция киритиш форматида барпо этилади. Объектнинг умумий майдони 12 минг квадрат метрни ташкил этади. Бу ҳудудда муҳандислик, геологик, экологик ва бошқа лойиҳаолди тадқиқотлар амалга оширилди.

Марказда диагностика ва радиожарроҳликдан тортиб, саратоннинг энг мураккаб шаклларини даволаш учун протон терапиясини жорий этиш режалаштирилган. Биринчи босқичда позитрон-эмиссион томография (ПЭТ/КТ), циклотрон мажмуаси ва радиофармпрепаратлар лабораторияси билан жиҳозланган ядро диагностика маркази ташкил этилади. Кейинги босқичларда радионуклид терапияси йўлга қўйилиб, изотоп тадқиқотлари кўлами кенгайтирилади.

Маълумки, бу турдаги ташхис ва даволаш хизматлари чет элда жуда қиммат туради. Ядро тиббиёти маркази фаолият бошлагач, фуқароларимиз замонавий хизматларни ўз юртимизда қулай шароитда олиш имкониятига эга бўлади.

Марказ фаолияти натижасида йилига 8 минг нафар беморда касалликни илк босқичдаёқ аниқлаш имкони бўлади. Бу эса тўлиқ шифо топиш эҳтимолини бир неча баробар оширади. Шу билан бирга, лойиҳа мамлакатда тиббий туризмни ривожлантиришга ҳам замин яратади.

Лойиҳанинг яна бир муҳим жиҳати юздан зиёд юқори технологияли иш ўрни яратилишидир. Марказ фаолияти орқали ядро тиббиёти соҳасида миллий кадрлар базаси шаклланади. Бу муассаса фақат ташхис ва даво билан чекланмайди, балки илмий изланишлар, янги усуллар синови ва малакали мутахассислар тайёрлаш учун ҳам платформа вазифасини бажаради.

Лойиҳа доирасида ядровий технологиялардан фойдаланган ҳолда замонавий ташхис ва даволаш усуллари жорий этилади. Онкология ва радиология соҳасида кадрлар салоҳияти, инфратузилма ва илмий база янада ривожланади. Бу орқали мамлакат тиббиётида янги босқич бошланади. Инсон саломатлигини муҳофаза қилишда аниқлик, самарадорлик ва замонавий ёндашув устувор аҳамият касб этади.

Икром АВВАЛБОЕВ, 

Абдужалол ҚАЮМОВ, 

ЎзА мухбирлари