Ватан меҳри “Тўмарис издошлари” юрагида

116

Мамлакатимизда хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини юксалтириш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаоллигини ошириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Куч тузилмалари сафида хизмат қилаётган ҳарбий хотин-қизлар ўртасида ўтказилаётган “Тўмарис издошлари” республика танлови ҳам ушбу мақсадга қаратилган.

“Ватан меҳри юрагимда” шиори остида ўтказиб келинаётган мазкур танлов ҳарбий хизматчи аёлларнинг ўз касбининг ҳақиқий устаси сифатида Ватан олдидаги муқаддас бурчини садоқат ва фидойилик билан адо этиши, шу билан бирга, оилада латофатли бека ва меҳрибон она сифатидаги улуғ масъулиятли вазифаларини ҳам бекаму кўст бажариб келаётганини кенг жамоатчиликка ибрат намунаси сифатида намоён этади. Шунингдек, бугунги глобаллашув даврида мамлакат хотин-қизларининг таълим олиш ва касб-ҳунар танлаш имкониятларини янада кенгайтиришга, ижтимоий-сиёсий жараёнлардаги фаоллигини оширишга, маънавий-маърифий дунёқарашини бойитишга ҳамда ёш авлодни ватанпарварлик ва миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашга хизмат қилади. Бу эса, ўз навбатида, хотин-қизлар ўртасида эрта турмуш, эрта туғруқ, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчилик каби турли салбий ҳолатларнинг олдини олишда муҳим ўрин тутади.

Жорий йилда танловни янгича мазмунда ташкил этиш мақсадида Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Мудофаа, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия ҳамда Божхона қўмитаси ўртасида қўшма қарор имзоланиб, танлов низоми тасдиқланди. Шу асосида аниқ чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Танлов Мудофаа вазирлиги мезбонлигида вазирлик тасарруфидаги муассасаларда ҳамда Олий таълим вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигида ташкил этилиб, унинг дастлабки куни куч тузилмаларидаги ҳарбий хизматчи хотин-қизлар томонидан Янги Ўзбекистон боғидаги “Мустақиллик монументи” пойига гулчамбар қўйиш маросими ўтказилди.

Сўнг Ўзбекистон Республикаси ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа университетида ҳарбий хизматчи хотин-қизлар ҳамда ҳарбий оркестр иштирокида тантанали ҳарбий парад ташкил этилди.

Танловнинг асосий қисмида аёл ҳарбий хизматчилардан иборат 6 та жамоа таништирув, тест синови, ўқ отиш, ҳарбий ҳамда жисмоний тайёргарлик, таом тайёрлаш ва эркин мавзу шартларида ўзаро беллашди.

Якуний босқич ҳамда тақдирлаш маросими бугун, 9 октябрь куни Куч тузилмалари идоралари раҳбарлари, вазирлик ва идоралар вакиллари, “Оқила аёллар” ҳаракати фаоллари, давлат мукофотлари соҳибалари ҳамда фаол хотин-қизлар иштирокида ўтказилади.

Камола Юсупова,

Носиржон Ҳайдаров,  

Аслиддин Алижонов (сурат), ЎзА